Мурожаатда Давлат божхона қўмитасининг “ТошкентАэро” ихтисослаштирилган божхона комплексида бюджет ва махсус фонд маблағларининг ўзлаштирилганлиги, бунга қўл урган шахсларга нисбатан эса чоралар кўрилмаётганлиги, етказилган зарарни эса ходимларнинг ойлик маошлари ҳисобидан қопланмоқчи эканлиги маълум қилинган.
Шунингдек, Давлат божхона қўмитасининг янги раиси бу ҳолатдан бехабарлиги ҳақида тахмин илгари сурилган.
Давлат божхона қўмитаси томонидан 2021 йил сентябрь ойида “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексининг молиявий хўжалик фаолияти тафтиш қилиниб, 13,8 млрд. сўм маблағнинг ўзлаштирилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган хизмат текшируви якунларига биноан 11 нафар раҳбар ва мансабдор шахсларига нисбатан тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тўпланган барча материаллар тергов органларига тақдим қилинди.
Жорий йил 20 ноябрдан ўз фаолиятини бошлаган Давлат божхона қўмитаси Раиси А.Мавлонов “Тошкент-Аэро” ИБКдаги қонунбузарлик ҳолати ҳақида тўлиқ хабардор ва бу масалага тергов натижасидан сўнг қайтади.
Мазкур ҳолат юзасидан тергов жараёни якунланиб, айбдор ходимларга нисбатан суд ҳукмидан сўнг маълумотлар эълон қилинади.
Аноним мурожаатда етказилган зарарни гўёки “Тошкент Аэро” ИБК ходимларининг ойлик маошлари ҳисобидан қопланиши ҳақида билдирилган тахминлар ҳеч қандай асосга эга эмас. Ҳозирда “Тошкент Аэро” ИБК ходимларинин ойлик маошлари ўз вақтида, узлуксиз ва тўлиқ тўлаб келинмоқда.
Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.
10.12.2021