Мамлакатимизда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар бугун ўз натижасини кўрсатмоқда ва бу ўз ўрнида божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларининг соддалаштирилиши, уларга кетадиган вақтнинг қисқариши билан бир қаторда сифат даражасининг ортишига замин яратмоқда.
Биргина Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси мисолида олиб қарасак, жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида бошқарма томонидан қиймати 390,78 млн. АҚШ долларига тенг маҳсулотлар экспорт божхона режимига расмийлаштирилди.
Умумий қиймати 587,16 млн. АҚШ долларини ташкил этувчи республикамиз ташқи савдо айланмасининг 66 фоизи товарлар экспортига тўғри келади.
Республика ҳудудидан асосан полиэтилен, ип-калава, фармацевтика маҳсулотлари, пахта толаси, артемия цистаси, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё саноати маҳсулотлари, кунжут маҳсулотлари, пропилен, қизилмия илдизи
ва унинг экстракти, кальцинирланган сода ҳамда тери маҳсулотлари дунёнинг Туркия, Хитой, Россия, Қозоғистон, Латвия, Украина, Қирғизистон ва Нидерландия каби бир қатор давлатларига экспорт қилинди.
Технологик асбоб-ускуналар, кимё саноати маҳсулотлари, ёғоч ва тахта, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари ҳамда нефть ва нефть маҳсулотлари каби умумий қиймати
196,38 млн АҚШ долларига тенг маҳсулотлар бошқарма томонидан импорт божхона режимига расмийлаштирилди.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври давомида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан божхона органларининг ўз фискал вазифаларини амалга ошириш доирасида божхона тўловларидан
305 млрд. 131,6 млн. сўм пул маблағлари давлат бюджетига ўтказилиши таъминланди.
Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш орқали экспорт ҳажмини ошириш ва импортни оптималлаштириш йўлида бир қанча имтиёз ва имкониятларни ўзида акс эттирувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилмоқда. Мазкур қонун ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш мақсадида, божхона органлари томонидан жорий йилнинг дастлабки 11 ойи давомида ТИФ қатнашчиларига жами 216 млрд. 850 млн. сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди.
Чегара ва ТИФ божхона постларида товар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона расмийлаштирувини амалга оширишда илгари ўртача ҳисобда 2-3 соат вақт сарфланган бўлса, ҳозирги кунда тизимнинг рақамлаштирилиши натижасида жараён ўртача 5-10 дақиқа оралиғида бажарилмоқда.
Ҳисобот даврида божхона соҳасига оид қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ 343 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати
6 млрд. 528 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил тариқасида ушлаб қолинди. Шундан, жами 10 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Бошқарма ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалари, қурол аслаҳа ва ўқ дориларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишда ҳам қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, 2021 йилнинг ўтган 11 ойи давомида 102,35 гр. “опий”, 119,42 гр. “марихуанна”, 53,41 гр. “гашиш”, 6 туп “каннабис”, 1,83 гр. гиёҳвандлик ўсимлик уруғи ва 4201 та таблетка “Трамадол” номли гиёҳвандлик воситалари, 222 флакон “Тропикамид” ва 314 капсула “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи воситалар, шунингдек, 52 дона психотроп таблеткалар аниқланди.
Ўқотар совуқ қуроллар тоифасидан 6 дона ўқ-дори, 2418 дона гильзалар, 1,15 кг дробларнинг ноқонуний тарзда божхона чегаралари орқали кириб келиши ва ноқонуний айланмада бўлишининг олди олинди ҳамда тегишли тартибда қонуний чоралар кўрилди.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
10.12.2021