Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Фарғона ва Наманганда 36 минг донага яқин чўғланма лампаларнинг яширинча олиб кирилишига чек қўйилди
691
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 октябрдаги 299-сонли “Энергияни тежайдиган лампалар маҳаллий ишлаб чиқарилишини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига биноан республикамизда 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб чўғланма лампа маҳсулотларини реализация қилиш тақиқланган.
Фарғона ва Наманганда 36 минг донага яқин чўғланма лампаларнинг яширинча олиб кирилишига чек қўйилди

Шунга қарамай бу турдаги товарларни  божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб киришга уринишлар учраб турибди.

Жумладан, Наманган вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда Янгиқўрғон туманида  ўтказилган тезкор тадбирда аввалдан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги  юк автомашинаси белгиланган тартибда кўздан кечирилди.

Натижада, автомашина юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 82,4 млн. сўмлик 27 минг 480 дона чўғланма лампочкалар борлиги аниқланди.

Бу каби ҳолатга Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан ҳам ўз вақтида чек қўйилди.

Марғилон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда аввалдан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги “Исузу” русумли юк автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада автотранспорт воситасининг салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, дастлабки қиймати 58,8 миллион сўмлик 8400 дона чўғланма лампа товарлари борлиги аниқланди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

8.12.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг