Бу галги амалий тадбирда Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари А.Асамов иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Хукумати томонидан иқтисодий илоҳотларни қувватлашга қаратилган Қарор ва Фармонлар, ушбу қарор ва Фармонлар асосида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун имтиёзлар борасида ўз фикр мулоҳазаларини билдириб очиқ давра сухбатида қатнашди.
Вилоят божхона бошқармасида вилоят хокимлиги, прокуратура, давлат солиқ бошқармаси, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, “Товар хом-ашё биржаси”,“Қўқон” минтақавий темир йўл узели, вилояти ўсимликлар карантини худудий инспекцияси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Синов ва сертификатлаштириш маркази бир сўз билан айтганда вилоят худудидаги давлат бошқаруви ҳамда назорат органлари рахбарлари иштирокидаги очиқ мулоқотда вилоятда экспортни ривожлантириш механизми ишлаб чиқилганлиги тегишли идора ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилятганлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Очиқ мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилнинг 22 июнь кунги “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 463-сон қарори нормалари ҳақида кенг тушунчалар берилди.
Семинарда шу билан бир қаторда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларига яратилган қулайликлар, божхона тўловларидан берилаётган имтиёзлар, божхона қонунчилиги, хориждан товарлар олиб келиниши тартиби ва бошқа меъёрий ҳуқуқий хужжатлар бўйича бевосита мулоқотлар ўтказилди.
Тадбиркорларни қизиқтирган кўплаб саволларга тўлиқ ва батафсил жавоб олишлари учун вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти томонидан ҳафтанинг шанба куни “очиқ эшиклар куни” деб эълон қилинган. Бу эса тадбиркорларда юзага келган саволлар ва муаммоларни қонунчилик талаблари асосида жойида ҳал этиш учун янада қулайлик туғдирмоқда.
Ўзаро самимий, қизғин савол-жавоблар ва баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтган очиқ мулоқотда тадбиркорлар ўз фаолиятларида учраётган муаммоли масалалар ва таклифларни эркин баён қилиб, улар бўйича тегишли жавоблар олдилар.
Фарғона вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
29.06.2018