Маълумки, божхона органлари ўз ваколатлари доирасида божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш, қонунчилик бузилишларининг, шу жумладан контрабанданинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Шу мақсадда божхона органлари томонидан 2021 йилнинг 10 ойи давомида жами 8 947 та (2020 й. шу даврида 7 600 та) божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳолатлари аниқланиб, 706,2 млрд. (291,6 млрд.) сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида ушлаб қолинган.
Мазкур ҳуқуқбузарликларнинг 1241 таси жиноят ҳақидаги ариза ва хабар сифатида рўйхатга олиниб, улар бўйича 619 та (425 та) жиноят иши қўзғатилган.
7 370 та (6 718 та) ҳолатда маъмурий ишлар юритилиб, 10 таси божхона органлари томонидан кўриб чиқилган бўлса, 7 360 таси тааллуқлилиги бўйича судларга юборилган.
Энди бевосита 720-сон Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган божхона органлари фаолиятига тааллуқли ўзгартиришларга тўхталамиз.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига божхона соҳасидаги айрим маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқишни белгиловчи 2 та янги модда (172 ва 3092) билан тўлдирилган, 9 та моддага (22710, 22713, 22716, 22722, 245, 262, 283, 294, 321) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Яъни, ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида қайд этилган МЖтКнинг 22710-моддаси иккинчи қисми, 22713-моддаси учинчи қисми, 22716–моддаси биринчи қисми ва 22722-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома ва бошқа ҳужжатлар тузилмасдан, жарима солиш ҳақидаги қарор чиқариш орқали соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш белгиланди.
Булар қайси моддалар?
1) 22710-модда иккинчи қисми, яъни божхона органига товарлар учун божхона декларациясини белгиланган муддатларда тақдим этмасликда назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича.
Божхона кодексининг 261-моддасига кўра, божхона органига товарлар тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш календарь кундан кечиктирмай божхона декларациясини бериш лозимлиги белгиланган.
2) 22713-модда учинчи қисми, яъни товарларни божхона режимида сақлаш муддатларига риоя этмасликда назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича.
Божхона кодексининг 85-моддасига кўра, товарларни “Вақтинча сақлаш” режимида туриш муддати 60 календар кунини ҳамда 94-моддасига кўра товарларни “Божхона омбори” божхона режимида туриш муддати муддати уч йилни ташкил этиши белгиланган.
3) 22716-модда биринчи қисми, яъни божхона ҳудудига илгари олиб кирилган товарлар ва транспорт воситаларини божхона ҳудудидан ташқарига белгиланган муддатларда олиб чиқмасликда назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича.
Божхона кодексининг 64-моддасига кўра, товарларни вақтинча олиб кириш муддати икки йилни ташкил этиши, шунингдек, 159-моддага кўра, чет эллик жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда вақтинча олиб кирилган транспорт воситасининг божхона ҳудудида туришининг умумий муддати календарь йил мобайнида жами тўқсон кундан ошмаслиги лозимлиги белгиланган.
4) 22722-модда иккинчи қисми, яъни товарларни нотўғри декларациялашда назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича (Нотўғри маълумотларни кўрсатиш, бу маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш, уларни талаб этилаётган божхона режимига жойлаштириш, божхона тўловлари миқдори тўғрисида божхона органи томонидан қарор қабул қилинишига таъсир этмаган бўлса).
Мазкур муддатларни ҳамда нотўғри декларациялаш ҳолларини Давлат божхона қўмитасининг автоматлаштирилган ахборот тизимлари орқали назорат ва қайд қилиш имкони мавжуд бўлиб, бундай ҳолатлар аниқланганида МЖтКнинг юқорида қайд этиб ўтилган моддалари билан жарима жазоси қўлланилади.
Авваллари, дастурлар орқали маъмурий ҳуқуқбузарликлар қайд этилган тақдирда ҳам ҳуқуқбузарлик содир этган шахс божхона идорасига чақиртирилиб, унга нисбатан тегишли процессуал ҳужжатлар (баённома, тушунтириш хати, холислар иштроки ва х/к) расмийлаштириш лозим эди.
Бундай тартибда ҳуқуқбузарликни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш учун 15-20 кун вақт сарфланиб, тадбиркорлик субъектлари томонидан ортиқча вақт ва ҳаражат сарфланар эди.
Эндиликда, ҳуқуқбузарликларга жарима қўллаш ҳақидаги қарор дастур томонидан электрон шакллантирилиб, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга юборилади ва жараён мантиқий ниҳоясига етказилади.
Шу мақсадда МЖтКнинг 245 ва 262-моддаларига ўзгартириш киритилиб, 3 та модда бўйича (22713-моддаси учинчи қисми, 22716-моддаси биринчи қисми, 22722-моддаси иккинчи қисми) маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколати судлардан божхона органларига ўтказилди.
Шунингдек, божхона органларининг божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга оширадиган бош инспекторлари, катта инспекторлари ва инспекторларига ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали қайд этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ҳамда жарима тариқасидаги маъмурий жазо чораларини қўллаш ҳуқуқи берилди.
МЖтК 172-модда билан тўлдирилиб, ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортиладиган шахслар доираси аниқ белгилаб қўйилди.
Хусусан, МЖтКнинг 22710-моддаси иккинчи қисмида ва 22713-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда, декларант ёхуд унинг ишончли вакили маъмурий жавобгарликка тортилади.
22716-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, божхона органи олдидаги мажбуриятни ўз зиммасига олган шахс маъмурий жавобгарликка тортилади.
Ушбу Кодекс 22722-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, декларацияловчи шахс маъмурий жавобгарликка тортилади, бунда, агар мазкур ҳуқуқбузарлик божхона расмийлаштируви учун тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ахборот кўрсатилганлиги оқибатида содир этилган бўлса, тегишли ҳужжатларни ва ахборотни тақдим этган декларант ёхуд унинг ишончли вакили маъмурий жавобгарликка тортилади.
Жарималар миқдори аниқ белгиланди.
Тадбиркорлик субъектларига нисбатан янада енгиллик яратиш ва субъектив ёндашувнинг олдини олиш мақсадида амалдаги жарималар миқдори аниқ белгиланиб, энг кам миқдори қолдирилган.
Мисол учун, товарлар учун божхона декларациясини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик (22710-модда 2-қисми) учун ҳозирда фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан
7 бараваригача, мансабдор шахсларга 5 бараваридан 10 бараваригача (1 та БХМ = 270 000 сўм, 10 та БХМ = 2 700 000 сўм) миқдорда жарима белгиланган бўлса, Қонун билан ушбу жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида (3 та БХМ = 810 000 сўм) қатъий белгилаб қўйилди.
Ҳуқуқбузарликларнинг электрон тарзда кўриб чиқишда ходимнинг ҳуқуқбузарлик содир этган шахс билан тўғридан-тўғри мулоқоти чекланиб, коррупцион ҳолатларнинг олди олинади.
Қонуннинг яна бир аҳамиятли томони, жарима солиш ҳақидаги қарор қабул қилишда ҳуқуқбузарлик такрорий содир этилганлиги эътиборга олинмайди (МЖтК 172-модда).
Албатта жарима солиш ҳақидаги қарор устидан шикоят ёки протест билдиришили мумкин. Бундай ҳолларда жарима солиш ҳақидаги қарор бекор қилинган тақдирда, мазкур иш маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан у илгари содир этган ҳуқуқбузарликларнинг такрорийлигини инобатга олган ҳолда умумий асосларда иш юртилиб, кўриб чиқилади (МЖтК 321-модда).
Тахлил ўрнида, юқорида айтилганидек, жорий йилнинг ўтган даврида божхона органлари томонидан 7 370 та маъмурий ишлар юритилган бўлса, шулардан 2 804 таси, яъни 38 % автоматлаштирилган ахборот тизими орқали аниқланган.
12.10.2021