Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ
1360
Бугунги кунда жамиятни ташвишга солаётган энг глобал муаммолардан бири – коррупция балосидир. Мамлакaтимизда ушбу иллатга қарши курашиш масаласига умумдавлат миқёсидаги вазифа сифатида қаралиб, унинг олдини олиш юзасидан изчил ва мунтазам ишлар олиб борилмоқда.
Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ

Самарқанд вилояти божхона бошқармасида шахсий таркиб иштирокида ўтказилган навбатдаги давра суҳбатида ҳам коррупция мавзусига эътибор қаратилди.

“Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ” шиори остида бўлиб ўтган тадбирда Самарқанд вилояти прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Фаррух Усмонов, Ўзбекистон божхона фахрийлари уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи Фарход Мукумов ҳамда кексалик гаштини суриб юрган божхона фахрийлари иштирок этишди.

Тадбир аввалида вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жасурбек Файзуллаев бугунги кунда мамлакатимиз божхона органлари тизимида коррупциянинг олдини олиш ва унга чек қўйиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда келгусидаги вазифалар хусусида сўз юритди.

Шунингдек, тадбирда вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Фаррух Усмонов сўзга чиқиб, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топтириш ўта долзарб масала эканлигини таъкидлаб, мамлакатимизда турли соҳаларда учраб турган коррупцион жиноятларга тўхталиб ўтди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида давлат улуши бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахслари томонидан 116 та, давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахслари томонидан эса 13 та, нодавлат нотижорат ташкилоти ходимлари томонидан 2 та жиноятлар содир этилган.

Жорий йилнинг 10 ойи давомида солиқ, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим ва халқ таълими, маданият, ички ишлар, банк соҳаси ҳамда молия ходимлари ва адвокатлар томонидан содир қилинган коррупциявий жиноятлар, бу соҳа вакиллари томонидан 2020 йилнинг 12 ойида содир қилинган жиноятлар сонидан ошиб кетган. 

Мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини ҳимоя қилаётган божхоначиларга вилоят фахрийлари уюшмаси бўлими бошлиғи Фарход Мукумов, ўзининг ҳаёт тажрибасидан келиб чиқиб, ҳалол, пок, виждонан хизмат қилиш лозимлиги ҳамда бугунги кунда ишлаш учун яратилган шароитларнинг олдинги даврларга таққослаб гапириб ўтди. 

Дарҳақиқат, бугунги кунда мазкур иллатга қарши курашиш борасида вилоят божхона бошқармаси Шахсий хавфсизлик бўлими томонидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олиниб, ўтган давр мобайнида ходимлар ва уларнинг яқинлари билан 44 маротаба йиғилишлар ҳамда шахсий таркиб орасида тамагирлик, порахўрлик, хизмат интизоми ва қонунчиликни бузилиши каби салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида 235 маротаба индувидуал профилактик суҳбатлар олиб борилган.

Тадбир давомида коррупция, унга сабаб бўлувчи омилларга бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Хулоса шуки, бугун замоннинг ўзи ҳар бир фуқарони коррупцияга қарши курашда фаол бўлишга чорламоқда. Негаки, коррупция давлатни емиради, жамиятни инқирозга, шахсни эса маънавий қашшоқликка етаклайди. Коррупцияни енгмай туриб олдимизга қўйган буюк мақсадларга эришиб бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз, тадбиркорлар ва жисмоний шахсларнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этиш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ва вилоят божхона бошқармасининг (66) 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” узлуксиз ишлаб турибди.

30.11.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг