Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий Кенгаши 9 декабрь – “Халқаро коррупцияга қарши кураш” кунига бағишланган “Аксилкоррупция ҳафталиги” доирасида тасдиқланган тадбирлар режасига мувофиқ, 2021 йил 27 ноябрь куни Хоразм вилояти божхона бошқармасида “Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирни Хоразм вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари, божхона хизмати майори Азамат Қаландаров очиб берди. Давра суҳбатида Хоразм вилояти прокуратурасининг уюшган жиноятчиликка ва коррупцияга қарши курашиш бўлими алоҳида муҳим ишлари бўйича терговчиси Руслан Исматов ҳамда Урганч шаҳар ИИБ ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими катта терговчиси подполковник Алишер Сапаев, бошқарма шахсий таркиби ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Бу каби очиқ мулоқотни ташкил этишда божхона органларида коррупцияга қарши курашиш борасида амалиётга татбиқ этилаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш, хусусан, давлат ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида коррупция ҳаракатларини олдини олиш ва уларга чек қўйишга оид масалалар юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ижроси ҳамда келгусидаги вазифаларга асосий эътибор берилди.
Мулоқот давомида мамлакатимизда аҳоли, тадбиркорлар ҳамда давлат ташкилоти ходимларига ҳар томонлама қулай шароит яратиб берилаётгани, аммо баъзи ҳолларда айрим фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмасликлари туфайли таъмагирлик, порахўрлик, коррупция ҳолатлари юзага келаётгани, бунинг учун эса, давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда тадбиркорлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.
Бу борада, Президентимизнинг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида қайд этилганидек, коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, ушбу жараёнга жамоатчиликни кенг жалб этиш ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантириш муҳим ўрин тутади.
Бунда, коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши аёвсиз курашиш барча даражадаги давлат органлари раҳбар ва ходимларининг энг устувор вазифаси этиб белгиланганлиги алоҳида таъкидланди.
Бир сўз билан айтганда, жамият ва тараққиёт кушандаси, одамларни йўлдан оздирувчи қабоҳат – коррупция аталмиш жиноятга қарши кескин курашиш, унинг йўлига қатъий тўсиқ қўйиш эртанги кунимизнинг фаровонлигида, халқимизнинг давлатимиздан рози бўлиб яшашида муҳим аҳамият касб этади.
Ўзаро савол-жавоб тарзида ўтказилган йиғилиш давомида ходимларнинг саволларига масъуллар томонидан жавоб берилди.
Шу ўринда фуқароларга коррупцияга қарши курашишда ҳамкорлик қилиш учун Давлат божхона қўмитасининг қисқа “11-08” рақамли ҳамда бошқарманинг (62) 227-70-11 телефон рақамлари доимий фаолият кўрсатаётганлигини эслатиб ўтамиз.
29.11.2021