Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Биз зўравонликка қаршимиз
1682
Маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан 25 ноябрь — Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни, деб эълон қилинган эди.
Биз зўравонликка қаршимиз

Шу муносабат билан Самарқанд вилояти божхона бошқармасида “Биз зўравонликка қаршимиз” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд шаҳар бўлинмаси раҳбари Н. Садинова, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари, шаҳар ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси С.Зохидова ва Самарқанд шаҳар ИИО ФМБга қарши қарашли 3-сон ИИБ подполковниги З.Шараповалар иштирок этишди.

Тадбирни бошқарма бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев очиб, бугунги кунда хотин-қизлар ҳимоясини ўзида акс эттирувчи бир қатор ҳужжатлар мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтди.

Жумладан, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида: “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар” - дея эътироф этилиши, ўз навбатида мамлакатимизда аёллар жамиятнинг фаол аъзоси сифатида барча соҳаларда кенг қамровли иштирок этиши учун ҳуқуқий кафолатдир.

Қолаверса, сўнгги йилларда мамлакатимиз хотин-қизларининг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини янада ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириш борасида бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Хусусан, бу йўналишда 2019 йил 2 февралда қабул қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5325-сонли Фармони, 2019 йил 7 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни яққол исботдир.

Тадбир давомида хар бир маърузачи томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида хотин-қизларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ҳамда жиноятчиликка қарши курашишда хотин-қизларимизни хақ-хуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлили, шунингдек, гендер тенглик, аёллар ва эркаклар ўртасида тенг хуқуқлар ва имкониятлар, хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш, гендер зўравонликни олдини олиш тўғрисида хабардорликни ошириш тўғрисидаги маълумотлар бериб ўтилди.

Муқаддас саналган оилада аёлга нисбатан қилинган зўравонликни бу юртимиз келажаги учун қилинган тажовуз сифатида баҳоланиши лозим.

Шундай экан, хотин-қизларга нисбатан муносабатни янада яхшилаш, уларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни янада мустаҳкамлаш ҳар биримиз учун ҳам фарз ҳам қарздир.

25.11.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг