Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупция – глобал муаммолардан бири
1170
Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган.

Ҳозирги даврда коррупция кўпгина давлатларнинг иқтисодий ва сиёсий салоҳиятига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб келмокда. Унга қарши курашиш, мунтазам равишда амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифалардан бирига айланди.

Шулардан келиб чиқиб, 2017 йил 3 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилиниб, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди. Унинг асосий мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Мазкур Қонун ўз навбатида, фуқароларга коррупция ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликнинг нима эканлиги ва уларнинг салбий иллатлари ҳақида маълумот беради.

Мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар шароитида давлат қурилиши ва ҳуқуқий сиёсатнинг мазмун ва моҳиятини аниқлаштириш, унинг мақсад ва вазифаларини ислоҳотларнинг бугунги тараққиёти асосида шакллантириб бориш, инсон манфаатларини таъминлашнинг стратегик жиҳатдан янги воситалар билан бир қаторда, ҳам тактик хусусиятга эга бўлган янги усулларни қўллаш, шахс ҳамда жамият манфаатларини янада самаралироқ ҳимоя қилиш, коррупцияни олдини олишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш эҳтиёжи вужудга келиши билан белгиланади.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисидаги “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” мавзуидаги маърузасида “Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур” –  деб, бежиз таъкидламади.

Дарҳақиқат, коррупция ҳар қандай жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий ҳаётига хавф соладиган, қолаверса, мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган иллатдир.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида ҳам ушбу йўналиш бўйича масъул таркибий тузилмалар томонидан божхона ходимлари ўртасида коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик ва унинг олдини олиш юзасидан доимий тарзда профилактик тадбирлар ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, мазкур йўналиш бўйича барча ходимлар ва уларнинг ота-оналари ҳамда яқин қариндошлари, шунингдек, фаолияти божхона органлари билан бевосита боғлиқ бўлган тадбиркорлик субъектлари билан учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Шу ўринда, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси барча жисмоний ва юридик шахсларни коррупция иллатига қарши муросасиз курашишга чақиради. Фуқаролар божхона соҳасига оид саволлари ҳамда мурожаатларини Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ёки Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқамасидаги (61)224-90-86 ишонч рақамларига қўнғироқ қилиб йўллашлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Ш.Жуманиязова 
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси 
катта инспектори, божхона хизмати капитани

 

27.11.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг