Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясига Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий мақоми берилди!
3137
2021 йилнинг 25 ноябрь куни Давлат божхона қўмитасида Марказий божхона лабораториясига Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий мақоми берилишига ва ДБҚ Божхона институтида “Божхона иши” бакалавриат таълим йўналишини PICARD профессионал стандартларга мувофиқ аккредитациядан ўтказилганлиги бўйича сертификатни тантанали тақдим этиш маросимига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.

Тадбирда Жаҳон божхона ташкилотининг Бош котиби Кунио Микурия, Жахон Банкининг Ўзбекистондаги вакили Рауль Феликс Юнкера-Варела, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, ҳамда Россия Федерацияси божхона лабораториялари вакиллари, Марказий аппарат шаҳсий таркиби ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Жаҳон божхона ташкилотининг бой тажрибаси, бевосита Кунио Микурия раҳбарлиги остида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар ва татбиқ этилаётган инновацион ташаббуслар ташкилотнинг нуфузини янада юқори даражага кўтарилаётганлигини ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турибмиз.

Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича ташаббуслари асосида сўнгги йилларда соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

2019 йилда Кунио Микуриянинг Ўзбекистонга бўлган ташрифидан сўнг, Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси”га биноан Ўзбекистонда бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан:

2020 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо соҳасида халқаро даражада эътироф этилган ҳужжатлар – Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича Киото Конвенцияси ва Вақтинча олиб кириш бўйича Истанбул Конвенциясига қўшилгани мамлакатимиздаги тадбиркорлик ва инвестиция муҳитининг жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади;

2021-2023 йилларга мўлжалланган Жаҳон божхона ташкилоти ва Швейцария Иқтисодий ҳамкорлик Кенгаши (SECO) ўртасида амалга ошириладиган “Савдони соддалаштириш глобал дастури”га қўшилди;

“Ягона дарча” божхона миллий тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Жаҳон божхона ташкилотига аъзо давлатларнинг “Ягона дарча” тизимини қўллаш бўйича стандартлари, амалиёти ўрганиб чиқилди ва амалиётга тадбиқ этилди (2020 йил 1 январдан бошлаб www.singlewindow.uz.);

Ўзбекистон божхона ходимлари учун Жаҳон божхона ташкилотининг “Электрон божхона Академияси” ҳамда CLiKC (Божхона таълимоти ва ўқув тизими) электрон таълим порталидан фойдаланиш имконияти яратилди.

Жаҳон божхона ташкилоти ҳамкорлигида Давлат божхона қўмитаси Минтақавий кинология ўқув маркази (Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси) кадрлар салоҳиятини ошириб бормоқда.

Ўтган даврда божхона органлари фаолиятини янада самарали ташкил қилиш ҳамда товар ва транспорт воситаларини божхона чегаралари орқали олиб ўтишда қулай шароитлар яратиш борасида ҳам қуйидаги ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан:

божхона органлари фаолиятини тизимли тарзда ривожлантириш учун 2020-2023 йилларга мўлжалланган Концепция ва “Йўл харитаси” тасдиқланди;

Ўзбекистон Республикасида ТИР-карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи “Е-ТIR” лойиҳаси синов тариқасида амалиётга жорий этилди. Мазкур халқаро лойиҳа божхона расмиийлаштирувини енгиллаштириш орқали ташқи савдони жадаллаштириш имконини бериб, айни шу жиҳати билан барча ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг манфаатларига бирдек хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизнинг қўшни давлатлар билан чегарада жойлашган божхона постлари ўтказувчанлигини ошириш ва инфратузилмасини янада яхшилашни тақозо этади. Шу мақсадда “Айритом”, “Олот”, “Яллама”, “Фарғона”, “Ғишткўприк” чегара божхона постлари янгича замонавий қиёфа касб этиб, дунёнинг илғор технологиялари билан жиҳозланди.

Айниқса Афғонистон, умуман, Жанубий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни жадал ривожлантиришда муҳим ўрин тутувчи, икки давлат ўртасидаги ягона ўтказиш пункти ҳисобланувчи “Айритом” чегара божхона пости халқаро стандартлар асосида қайта қурилди ва жиҳозланди.

Чегара божхона постларида қўшимча 4 та замонавий инспекцион-кўрик мажмуаси ўрнатилди.

Мазкур ислоҳотлар натижасида ҳозирда янги Ўзбекистон божхонаси нафақат минтақада, балки дунёда илғор божхона маъмуриятига айланмоқда.

Божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, божхона тизимида рақамли технологияларни кенг қўллаш орқали инсон омилини камайтириш, божхона назорати шаклларини хавфларни бошқариш принципларига асосланган замонавий ахборот - коммуникация технолологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали “Рақамли божхона”га ўтиш борасидаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Рақамлаштириш туфайли барча тартиб-қоидалар онлайн тарзда, қоғозсиз савдо кўринишида амалга оширилмоқда.

Бугунги кунга келиб божхона органлари фаолиятига божхона мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган 67 та автоматлаштирилган ахборот тизимлари ва  33 та интерактив хизматлар жорий қилинди.

“Автоматлаштирилган тарзда чиқариб юбориш”, “Божхона аудити”, “Е-Транзит” каби бир неча автоматлаштирилган ахборот тизимлари амалиётга жорий этиш чоралари кўрилмоқда.

Бўлиб ўтган тадбир ушбу ислоҳотларнинг давоми сифатида, шунингдек, Марказий Осиё минтақасидаги лабораториялар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, Жаҳон божхона ташкилотининг Марказий Осиёдаги салоҳиятини янада ошириш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясига Жаҳон божхона ташкилотининг Минтақавий божхона лабораторияси мақоми берилишига бағишланди.

Тадбир иштирокчилари йўл харитасида амалга оширилиши назарда тутилган ва муҳим вазифалардан бири ҳисобланган ушбу “тарихий хужжат”нинг яъни Англашув Меморандумининг имзолаш маросими гувоҳи бўлишди.

Ушбу мақомга лойиқ деб тан олиниш узоқ муддатли машаққатли меҳнат натижасидир.

Давлат божхона қўмитаси Марказий божхона лабораториясини жаҳон стандартлари даражасига етказиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Лабораториянинг барча хоналари Жаҳон божхона ташкилоти стандартлари асосида лойиҳалаштирилган ва қурилган, хавфсизлик қоидаларига тўлиқ амал қилинган ҳолда фаолият олиб борилади, етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг энг замонавий юқори технологик, юқори аниқликка эга ускуналари билан жиҳозланган.

Марказий божхона лабораториясини халқаро “ISO 17025-2019” стандарти талабларига мослиги аниқланиб, тегишли аккредитация гувоҳномаси берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги ПФ-6310-сон  “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони билан Давлат божхона қўмитасининг божхона органларининг умумий чекланган штатлар сони доирасида Давлат божхона қўмитаси тизимида алоҳида юридик шахс мақомига эга Марказий божхона лабораторияси ташкил этилди.

Мазкур қарорга мувофиқ, никотин сақловчи маҳсулотлар ва спиртли ичимликлар таркибини аниқлаш, товарларни экспертизадан ўтказиш ва сертификациялаш билан боғлиқ бўлган бошқа хизматларни кўрсатиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва бошқа турдаги криминалистик суд экспертизаларини амалга ошириш имкониятига эга бўлди.

Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясига минтақавий божхона лабораторияси мақомини берилиши божхона органларининг фискал функцияларини амалга оширишни такомиллаштиришда ўз самарасини беради.

Минтақавий божхона лабораторияси мақомининг берилиши:

минтақадаги давлатлар божхона лабораториялари билан ҳамкорликда тадқиқот ва ишланмалар ҳамда таҳлилий шарҳлар тайёрлашга Марказий божхона лабораторияси минтақадаги божхона хизматларига маслаҳатлар, тавсиялар бериш, уларнинг мутахассисларини ўқитиш бўйича консультация ва ўқув машғулотлари ўтказишга имконият яратиб беради;

Жаҳон божхона ташкилоти, унинг минтақавий божхона лабораториялари ва ташкилотнинг бошқа иштирокчилари ташкил этадиган конференция, форум, консультация, семинар, симпозиум, давра суҳбати ва бошқа тадбирларда иштирок этишга замин яратади.

Куннинг иккинчи ярмида, ДБҚ Божхона институтида Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микурия иштирокида институтнинг “Божхона иши” таълим йўналишини ЖБТнинг PICARD халқаро стандартларига мувофиқлиги бўйича аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномани тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, божхона соҳасида профессионал мутахассис тайёрлаш учун халқаро стандартлар ҳисобланувчи – PICARD стандартлари Жаҳон божхона ташкилоти ва Халқаро божхона университетлари тармоғи томонидан 2005 йилда ишлаб чиқилган. Бугунги кунда Жаҳон божхона ташкилотига аъзо бўлган 183 та давлатдан бор йўғи 10 та давлатда 13 та олий таълим муассасасининг таълим дастурлари ушбу стандартлар бўйича аккредитациядан ўтказилган.  

Давлат божхона қўмитаси Божхона институтининг “Божхона иши” таълим йўналишини ушбу стандартларга мувофиқ аккредитациядан ўтказилиши институтда божхона иши соҳасида халқаро стандартларга мувофиқ рақобатбардош кадрлар тайёрланишини халқаро миқёсда тан олинишини англатади.

Тадбир давомида институт Кенгаши томонидан Кунио Микурияга “ДБҚ Божхона институти Фахрий профессори” унвони бериш тўғрисидаги қарор ўқиб эшиттирилди ва унга тегишли диплом ва мантия топширилди.

Шунингдек, институт таълим дастурининг халқаро аккредитациядан ўтказилиши хорижий давлатларнинг божхона соҳасидаги академик доиралари билан илмий ҳамкорлигини кучайтириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг академик мобиллигини ривожлантириш, халқаро таълим бозоридаги ўрнини ошириш, жумладан Марказий Осиёда божхона иши бўйича халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи “хаб”га айланиш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда, божхона соҳасида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар мамлакатимизда тадбиркорликни янада ривожлантиришга, ташқи савдо айланмаси ҳажмини оширишга, мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга, инвестицион салоҳиятини оширишга, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга ва божхона органлари фаолияти шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

25.11.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг