Навбатдаги учрашув Андижон вилояти божхона бошқармаси томонидан Олтинкўл туманининг “Ижтимоиёт” ва “ОРС” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилди.
Олтинкўл тумани драйверлари – маҳаллаларда асосан аҳоли деҳқончилик, иссиқхоналар, чорвачилик, ҳунармандчилик, тикувчилик ва савдо билан шуғулланиб келади.
Даставвал, Андижон вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти, Олтинкўл туман ҳокимлиги, туман “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда тадбиркорлар ва фуқаролар иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Учрашув давомида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан юзага келаётган муаммолар ҳамда таклифлар атрофлича кўриб чиқилиб, зарур тушунтиришлар бериб ўтилди.
Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари Олтинкўл тумани “Ижтимоиёт” МФЙ, Хурзамон кўчасида ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаб келаётган бир нечта хонадонларга ташриф буюришиб, нафақат ички бозорга балки чет давлатларга ҳам экспорт қилинаётган ҳунармандчилик маҳсулотларнинг тайёрланишига гувоҳ бўлишди.
Олтинкўл туманида эса тадбиркор Дилмурод Қипчақов бир ой давомида 5 тадан ортиқ ишчилари билан 2-3 минг дона супурги ишлаб чиқаради. Бугунги кунда тайёр маҳсулотларни эса Қирғизистон ва Россия давлатларига экспорт қилмоқда.
Бу каби ўтказилган тадбирлардан кўзланган асосий мақсад, аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга ёрдам бериш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, бизнес ғояларини тайёрлашда консультатив ёрдам кўрсатиш билан бир қаторда, божхона соҳасида яратиб берилган қулайликлар кенг жамоатчиликка етказишдан иборатдир.
24.11.2021