Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Рақамли божхона: Тошкент вилоятининг “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постига журналистлар учун ПРЕСС-ТУР ташкил қилинди
2449
Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ва блогерлар учун “Рақамли божхона: Тошкент вилоятининг “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости фаолиятига назар” мавзусида навбатдаги пресс-тур ташкил қилинди.
Рақамли божхона: Тошкент вилоятининг “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постига журналистлар учун  ПРЕСС-ТУР ташкил қилинди

Таъкидлаш ўринлики, сўнгги йилларда божхона маъмурчилигини ислоҳ этиш, божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, “рақамли божхонани” шакллантириш ҳамда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига қулайликлар яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришда илғор рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали фаолият самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Мазкур Фармон билан жорий йилнинг 1 октябрь санасидан бошлаб Давлат божхона қўмитасининг Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари бўйича бошқармаларида божхона тартиботларини масофавий бошқариш орқали инсон омилини кескин қисқартириш борасида  янгича тизим, яъни- “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постлари ташкил этилди.

Шунингдек Фармонга мувофиқ 2022 йил 1 апрелдан бошлаб Давлат божхона қўмитасининг бошқа ҳудудий бошқармаларида ҳам мазкур турдаги божхона постлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бу каби амалиёт бир қатор хорижий давлатларда, жумладан Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи, Жанубий Корея, Япония ва Туркияда йўлга қўйилган.

Мисол учун, Россияда 2018-2020 йиллар давомида синов тариқасида 600 та расмийлаштирув постлари ўрнига 16 та электрон деклариялаш марказлари ташкил этилиб, ҳозирда улар томонидан 99 фоиз юклар расмийлаштирилмоқда.

“Масофавий электрон декларациялаш” божхона постларининг босқичма-босқич жорий этилиши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга, коррупция омилларига барҳам беришга, божхона органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга, божхона ходими ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ўртасида мулоқотни кескин қисқартиришга хизмат қилади.

Тадбир аввалида журналистларга “Рақамли Ўзбекистон божхонаси” кўргазмали тақдимоти ва соҳадаги ислоҳотларга бағишланган махсус видеоролик намойиш этилди.

Янги Ўзбекистон - янги дунёқараш. Ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аҳоли фаровонлигини таъминлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти юксалтириш каби бир қатор эзгу ғоялар мужассам.

Бугун юртимизда барча соҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, сўнгги 5 йилда давлат божхона хизмати органлари фаолияти ҳам тубдан янгиланди. Энг аввало, тизимга “Рақамли божхона” тамойилининг кенг жорий қилинаётганлиги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ҳам вақтини, ҳам харажатларини тежашга хизмат қилмоқда.

Кенг миқёсда жорий қилинаётган “Хавфларни бошқариш”, “Ягона дарча” каби божхона ахборот тизимлари ва электрон хизматлар кўмагида божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланаётган вақт тобора қисқармоқда.

Божхона назоратида илғор технологияларни тадбиқ этилиши натижасида божхона декларациясини расмийлаштириш вақти экспортда 1,7 баробарга, импортда эса 1,4 баробарга қисқартирилди. Шу билан бирга, 76 фоиз БЮДлар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган, бу кўрсаткич экспортда 84 фоизни ва импортда 74 фоизни ташкил этади.

Бироқ, таҳлиллар илғор рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш мумкинлигини кўрсатмоқда. Шу мақсадда жорий йилнинг 10 сентябрь куни қабул қилинган “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6310-сон Президент Фармонининг мазмун-моҳияти ҳам пресс тур давомида муҳокамалар марказида бўлди.

Пресс турда журналистлар Тошкент вилояти божхона бошқармасида ташкил этилган “Масофавий электрон декларациялаш” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида яратилган шароитлар, бу ердаги божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш, божхона назоратининг шакл ва усулларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишишди.

“Масофавий электрон декларациялаш” божхона постида 31 нафар ходим хизмат қилади.

Ўтган давр мобайнида божхона постида божхона юк декларациялари расмийлаштирилиб, улар бўйича 701,5 миллиард сўмлик божхона тўловлари давлат бюджетига ўтказилган.

Мазкур пост орқали тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилган салкам 445 млн АҚШ долларидан зиёд маҳсулотлар хорижга экспорт қилинган.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари вилояти божхона бошқармасининг фойдаланишга топширилган янги биносида яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишишди.

Бундан атиги икки йил аввал эзгу ниятлар билан Нурафшонда Тошкент вилояти божхона бошқармасининг янги маъмурий биносига илк тамал тоши қўйилган бўлса, ўтган қисқа фурсат давомида кўзни қувнатадиган, замонавий божхона стандартларига тўла жавоб берадиган маъмурий бино бунёд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида мазкур бинонинг тантанали очилиши вилоят божхоначилари учун чинакам маънода туҳфа бўлди.

Эндиликда Тошкент вилояти божхона бошқармасидан туриб барча ташқи иқтисодий фаолият ва чегара-божхона постларидан вазиятни кузатиб бориш ва ўзаро ахборотлар алмашиш янада такомиллашди. Божхона объектларидаги юзлаб, минглаб видеокузатув камералари бу ерда ягона нуқтага жамланади ва тасвирларни исталган вақт ва масштабда кузатиб бориш мумкин.

Медиа тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

24.11.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг