Бироқ афсуслар бўлсинки, гиёҳванд моддаларни ноқонуний тарзда етиштирувчи, олди-сотдиси билан шуғулланувчи ҳамда истеъмол қилувчи кишилар учраб турибди.
Хусусан куни кеча Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда Нишон туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида гиёҳванд модда савдосига чек қўйилди. Тадбирга шартли харидор сифатида жалб қилинган фуқаро М.Х. га 2 миллион сўм эвазига бир дона қора рангли целлофан пакетга солинган гиёҳванд моддани сотаётган вақтида Нишон туманида истиқомат қилувчи фуқаро Х.З. ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Шундан сўнг тадбир давом эттирилиб, Х.З. нинг яшаш хонадони холислар иштирокида ва хизмат ити ёрдамида кўздан кечирилганида, ҳовлидаги ёрдамчи хўжалик биноси ичида тахланган ҳолда турган лой ғиштлари орқасидаги туйнук ичида хуфёна яширилган бир дона бир литр ҳажмли ҳамда бир дона бир ярим литр ҳажмли елим идишларга солинган гиёҳванд моддаси ноқонуний сақлаб келингани фош этилди.
Вилоят ИИБ нинг эксперт хулосасига кўра, тадбир давомида олинган ашёвий далил-таркибида тетрагидроканнабинол моддаси бўлган жами соф оғирлиги 411,7 грамм марихуана гиёҳвандлик моддаси эканлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати
8.11.2018