Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Келажакка раҳна солаётган иллат
1013
Бугунги кунда ўсиб келаётган ёш авлод келажагига раҳна солувчи салбий иллатлар фақатгина тамаки чекиш, алкоголь маҳсулотлари ёки гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш билан чекланиб қолмаяпти. Сўнги вақтларда кўплаб ёшларимиз орасида кучли таъсир қилувчи ҳамда таркибида психотроп моддалар мавжуд бўлган дори воситаларига қарамлик иллатига ружу қўйиш ҳолатларига ҳам дуч келяпмиз. Ўз ўрнида, бу иллат жамиятнинг парчаланишига, ёш оилаларнинг барбод бўлишига, болаларнинг тирик етим қолишига сабаб бўлмоқда.

Хўш, кучли таъсир қилувчи ёки психотроп моддалар ўзи нима?

 Уларга қисқача таъриф берадиган бўлсак, таъриф қуйидагича:

  • Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ,
    психотроп моддалар — психотроп моддалар рўйхатига киритилган
    ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сонли
    “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида кўрсатилган моддалардир.
  • Кучли таъсир қилувчи моддалар — ўз номи билан инсон организмига кучли таъсир этувчи моддалар бўлиб, улардан оғриқ қолдиришда ёки маълум бир дори воситалари билан биргаликда фойдаланиладиган дори воситалари ва бошқа моддалар тушунилади. Мазкур моддалар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги 818-сонли
    “Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган.

Зарарли иллатга қарши қандай кураш олиб борилмоқда?

Божхона органлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда  кучли таъсир қилувчи, психотроп ҳамда таркибида психотроп моддалари мавжуд бўлган дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш ҳамда уларни олдини олиш борасида доимий кураш олиб борилмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан
2021 йил  10 ойи мобайнида психотроп ва кучли таъсир этувчи моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 15 та ҳолат аниқланган бўлиб, 400 га яқин психотроп таблеткалари, 5 кг.дан ортиқ кучли таъсир этувчи моддалар ва 13 мингдан ортиқ номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланувига чек қўйилган.

Мисол учун, бошқарманинг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимларининг Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда  Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ўтказган тезкор тадбири натижасида хонадонларнинг бирида қиймати салкам 200 млн. сўмлик 3400 донадан зиёд кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланган.

 Бу каби аниқланган кўплаб қонунбузарлик ҳолатларини мисол тариқасида келтириш мумкин. Мазкур аниқланаётган ҳолатларда қонуний жавобгарликка тортилаётган аксарият шахсларнинг ҳали 30 ёшга кирмаганлиги кишини ўйлантирса, айримларининг ҳуқуқий саводхонлиги йўқлиги ёки қонун олдидаги жавобгарлик маъсулиятидан умуман беҳабарлиги ажаблантиради.

 Қонун олдида жавобгарлик

 Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг
246-моддасида
 кучли таъсир қилувчи ва психотроп моддалар контрабанда ашёси сифатида келтирилган бўлса, ушбу Кодекснинг 2511-моддасида мазкур моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик учун (бунда мазкур моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш ёхуд уларни ўтказиш мақсадида тайёрлаш ёхуд қайта ишлаш учун асбоб-ускуналарни тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки ўтказиш ҳаракатлари назарда тутилади):

  • базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд бир йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;
  • ўша ҳаракатлар такроран ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;
  • ушбу ҳаракатлар уюшган гуруҳ томонидан ёки кўп миқдорда содир этилган бўлса, етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;

- Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш, ҳисобга олиш, бериш, ташиш ёхуд жўнатиш қоидаларни бузиш, агар бу эҳтиётсизлик орқасида уларнинг ўғирланишига ёки бошқа тарзда жиддий зарар етказилишига олиб келган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Шунингдек, ушбу Кодекснинг XIX бобида психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар, яъни:

  • психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш учун;
  • психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда (ўғрилик ёки фирибгарлик йўли билан) эгаллаш учун;
  • психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб кўп бўлмаган миқдорда қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек уларни кўп бўлмаган миқдорда қонунга хилоф равишда ўтказиш учун;
  • психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир этувчи бошқа моддаларни ҳар қандай шаклда истеъмол қилишга жалб этиш учун;
  • психотроп моддаларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ҳисобга олиш, бериш, ташиш ёки жўнатишнинг белгиланган қоидаларини бузиш учун;
  • психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатиш учун
    мазкур ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик) натижасининг оғирлаштирувчи ёки акс ҳолатига қараб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдоридаги жарима жазосидан бошлаб йигирма йилгача озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазолар белгиланган.

Бундан ташқари, Халқаро почта Конвенциясида, Ўзбекистон Республикаси “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасида ҳамда Адлия вазирлигидан 2011 йил 18 апрелда 2219-сон билан рўйхатдан ўтган “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидалари”да психотроп моддалар ва прекурсорларни жўнатиш тақиқланиши, бунда фақатгина қонунчиликда назарда тутилган алоҳида ҳоллар мустаснолиги аниқ белгилаб қўйилган.

Шунга қарамасдан, сўнги вақтларда республикамиз ҳудудига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг кириб келиши “урф”га айланди. Маълумот учун, юқорида келтириб ўтилган аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг 35 % и халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида аниқланган ҳолатлардир.

Юқорида келтирилган рақамлар ва далиллар ҳар биримизни яқинларимиз тинчлиги ҳамда фарзандларимиз келажаги учун, қолаверса мамлакатимиз эртаси учун жавобгарлик маъсулиятига жиддий ёндашишга, уларни мазкур иллатдан асрашга чорлайди.

Бунда ҳар биримиз ўз яқинларимиз, фарзандларимиз, оила аъзоларимиз ҳамда фуқароларимиз ўртасида бу иллатга қарши тарғибот
ва ташвиқот ишларини олиб боришимиз, имкон даражасида ҳар бир инсон онги ва иродасида ушбу иллатга қарши иммунитетни шакллантиришимиз лозим.

Зеро, фарзандлари соғлом юртнинг келажаги буюк бўлади.

Акмал ЖАЛИЛОВ, 
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари

22.11.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг