Мазкур ўрнатилган тартибларга қарамай, айрим шахслар ўрнатилган тартибларни четлаб, рангли металлар парчалари ва чиқиндиларини республикамиз ҳудудидан ташқарига олиб чиқиб кетишга уриниш ҳолатлари учраб турибди.
Аммо, мазкур ҳолатларнинг барчаси божхона органлари томонидан фош этилмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Арқбулоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ана шундай навбатдаги қинғирликни фош этишди.
Унга кўра, юк ҳужжатларига мувофиқ электр токи кучланишини пасайтириш учун мўлжалланган “ректификатор фильтри чоклари” дея кўрсатилган товарларни “экспорт” божхона режимига расмийлаштириш учун тақдим этилган божхона юк декларацияси автоматик тарзда “қизил” йўлакка йўналади.
Шундан сўнг, пост ходимлари юк эгалари ва холислар иштирокида мазкур товарлар ортилган юк автотранспорт воситасини кўздан кечиришди.
Буни қарангки, транспорт воситасида “ректификатор фильтри чоклари” дея кўрсатилган товарлар умуман йўқлиги, уларнинг ўрнига эса оғирлиги 21,9 тонна бўлган 20 дона қутида мис рангли металл парчалари борлиги аниқланди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур товарларнинг қиймати 2 млрд. 90 млн. сўмни ташкил этади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
22.11.2021