Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона органларида коррупцияга қарши курашишда самарали усуллар қўлланмоқда
929
Ҳозирги глобаллашув замони, минтақалар ва давлатлараро интеграция жадаллашиб бораётган мураккаб бир шароитда коррупция барча мамлакатларда ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқариб, жамиятни ич-ичидан емириб, пароканда қилиб ташлаш хавфини солмоқда.

Шу боис мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда.

Божхона органларида ҳам “коррупция” тизимнинг биринчи рақамли душмани деб эълон қилинган. Коррупцияга қарши курашишда божхона органлари томонидан энг устувор вазифа сифатида профилактика ҳамда ходимлар ижтимоий шароитини яхшилаш йўли билан барҳам бериш усули дастуриламал сифатида белгилаб олинган.

Шунингдек, коррупция иллатининг олдини олиш йўналишида бошқарма раҳбарияти ҳамда тегишли бўлимлар томонидан ходимнинг уй шароити, шахсий ҳаётида бўлаётган муаммолар ҳақида суҳбатлар ўтказилиб, бундай масалаларнинг ечимини топиш чоралари кўрилмоқда.

Бугунги кунда, божхона қонунчилигини тубдан такомиллаштириш, ушбу тизимни илғор халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш, божхона назоратида хавфни бошқариш тизимини жорий қилиш, ички маҳсулотларни экспорт қилинишига кўмаклашиш ҳамда божхона расмийлаштируви вақти ва молиявий харажатларини қисқартириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6310-сон Фармони қабул қилинди.

Хусусан, тоифадан ташқари мақомга эга бўлган «Масофавий электрон декларациялаш» божхона пости 2021 йил 1 октябрдан Тошкент вилояти божхона бошқармасида ҳам ташкил этилиб, янги тизим 2021 йил 1 октябрдан тадбиркорларнинг электрон божхона юк декларацияларини масофавий расмийлаштирувини амалга оширишни бошлади. Aлоҳида таъкидлаш жоизки, масофавий расмийлаштирувни амалга оширадиган божхона постлари божхона расмийлаштирувини электрон, масофавий ҳамда онлайн тизимда амалга оширади, бу эса ўз-ўзидан тадбиркор билан божхона ходими ўртасидаги коррупция муносабатларни йўққа чиқаради.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, агар сизда божхона соҳасига оид коррупция ҳолатлари ҳақида маълумотлар бўлса, Давлат божхона қўмитасининг узлуксиз фаолият кўрсатувчи қисқа 11-08 рақамли “Ишонч телефони”га ёки Тошкент вилояти божхона бошқармасининг (70) 202-86-11 рақамларига қўнғироқ қилиб, бу ҳақида хабар беришингиз мумкин.

Коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берган фуқароларнинг шахси тўғрисидаги маълумотлар сир сақланишини эслатиб ўтамиз.

Ф. Жураев,
Тошкент вилояти божхона бошқармаси
Шахсий хавфсизлик бўлими ходими 

 

 

 

 

19.11.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг