18 ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат
байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган кун
Яқинда давлатимиз суверенитетининг рамзларидан бири – мустақил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлигига 30 йил тўлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.
Мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз ёдда тутишимиз шарт.
Бугун миллий байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимиздан ғурурланамиз. Хулоса ўрнида айтиш лозимки, давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир.
Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик!
18.11.2021