Хориждан пойтахтимизда истиқомат қилувчи фуқаро номига юборилган 3 дона почта жўнатмасида аслида ҳужжатларга мувофиқ жами 74 дона оддий бижутерия ва қўл соатлари бўлиши лозим эди.
Аммо, жўнатмалар белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, ундаги тақинчоқлар қимматбаҳо тошлар ва қимматбаҳо металлардан ишланган заргарлик буюмлари эканлиги аниқланди.
Шундай қилиб, мазкур ҳолатда 3 та почта жўнатмасида жаҳонга машҳур нуфузли бренднинг тилладан ишланган 664,7 гр. оғирликдаги 58 дона заргарлик буюмлари, шунингдек 26 дона қўл соатлари тўхтатиб қолинди. Мазкур тақинчоқ ва соатларнинг аксарияти эса қимматбаҳо олмос тошлари билан безалган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу заргарлик буюмларининг умумий қиймати 1 млрд. 593 млн. сўмдан ошмоқда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан текширув ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, йил бошидан буён “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида оғирлиги 1,2 кг.дан зиёд заргарлик буюмларининг почта ва курьерлик жўнатмалари орқали олиб ўтилиши олди олинди.
16.11.2021