Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонуни қабул қилинган кун муносабати билан “Муқаддасдир ватан байроғи!” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
1249
Жонажон Ватанимиз мустақилликни қўлга киритган дастлабки йиллариданоқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида Давлат байроғи тўғрисидаги Қонун қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонуни қабул қилинган кун муносабати билан  “Муқаддасдир ватан байроғи!” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Давлат байроғи мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади. Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этади.

Бугун Давлатимиз суверенитетининг рамзларидан бири, мустақил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигига 30 йиллиги муносабати билан Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти ташаббуси билан Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “МУҚАДДАСДИР ВАТАН БАЙРОҒИ” мавзусида маданий-маърифий тадбири ташкил этилди.

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, Сенатор, Минхожиддин Ҳожиматов, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Таваккал Чориев, Республика Маънавият ва маърифат маркази «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси- Феруза Муҳиддинова, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист- Александр Бекжановлар иштирок этишди.

Байроғимиз, ғурур ва фахримиз тимсолидир. Ватанимизнинг беқиёс рамзидир. Қуёш кўкда фалакнинг байроғи бўлиб порлаб турибди, кўнгилда муҳаббат байроғи ҳилпирайди, онгимизни эса тафаккур байроғи нурлантиради.

Озод ва обод Ватанимиз — Ўзбекистоннинг байроғи ҳам бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир.

Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади.

Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон ҳудудида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Ер юзида икки юзи элликка яқин давлатлар бор ва албатта, ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари, байроғи бор. Ҳар бир байроқ айрича ранг ва тимсолларга эга. Улар билан ёнма-ён балқиб турган байроғимиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради. 

Шуни айтишимиз лозимки, байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар. Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган. Миллат байроғи. У жондек азиз, нондек мўътабардир.

Буюк соҳибқирон Амир Темур ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди, у барпо этган улуғ салтанатни дунё тан олди. Бу давр ватан тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Байроқ эса том маънода мамлакат рамзи, улуғворлик тимсолига айланди. Жангчиларга жанговар руҳ бағишлаш, уларнинг кайфиятини кўтариш, иродасини чиниқтириш мақсадида жанг майдонлари узра баланд ҳилпираб турди.  

Тадбир давомида Давлат божхона қўмитасининг Божхона институт ходим ва курсантлари томонидан Ватанни мадҳ этувчи шеърий чиқишлари ҳамда карабинчилар жамоалари чиқишлари намойиш этилди.

Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Чунки байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзидир!

15.11.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг