Ўзбекистоннинг асосий саноат бирлашмалари, йирик трейдерлар, юк ташувчилар, логистик компаниялар вакиллари таклиф этилган мазкур тадбирда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро валюта фонди халқаро экспертлари, божхона мутахассислари, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар экспертлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасини божхона хизмати фаолиятини ўрганиш ва баҳолаш мақсадида Молия вазирлиги томонидан 2020 йил ва жорий йил давомида Жаҳон банкининг етакчи мутахассислари жалб қилинган.
Ўтган давр мобайнида Жаҳон банки мутахассислари томонидан божхона тартиботларини соддалаштириш ва рақамлаштириш йўналишида муайян ишлар амалга оширилди.
Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг божхона маъмурчилигини такомиллаштириш бўйича ташаббуслари асосида сўнгги йилларда соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, божхона соҳасини тубдан такомиллаштириш мақсадида 142 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, божхона тизимида рақамли технологияларни кенг қўллаш орқали инсон омилини камайтириш, божхона назорати шаклларини хавфларни бошқариш принципларига асосланган замонавий ахборот - коммуникация технолологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали “Рақамли божхона”га ўтиш борасидаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Мамлакатимизнинг қўшни давлатлар билан чегарада жойлашган божхона постлари ўтказувчанлигини ошириш ва инфратузилмасини янада яхшилашни тақозо этади. Шу мақсадда “Айритом”, “Олот”, “Яллама”, “Фарғона”, “Ғишткўприк” чегара божхона постлари янгича замонавий қиёфа касб этиб, дунёнинг илғор технологиялари билан жиҳозланди.
Айниқса Афғонистон, умуман, Жанубий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни жадал ривожлантиришда муҳим ўрин тутувчи, икки давлат ўртасидаги ягона ўтказиш пункти ҳисобланувчи “Айритом” чегара божхона пости халқаро стандартлар асосида қайта қурилди ва жиҳозланди.
2019 йилдан божхона назоратида товарлар ва транспорт воситаларини “ялпи” божхона кўриги ўтказишдан воз кечиб, танлаб текширишга асосланган “Хавфни бошқариш” тизими жорий этилди.
Натижада, расмийлаштирув вақти экспортда 3 баробарга, импортда 2 баробарга қисқарди. Кўриклар сони 1,4 баробарга камайган бўлсада, уларнинг самарадорлиги 1,5 баробарга ошди.
Бугунги кунга келиб божхона органлари фаолиятига божхона мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган 65 та автоматлаштирилган ахборот тизимлари ва 30 та интерактив хизматлар жорий қилинди.
Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ахборот ва киберхавфсизликнинг таъминланганлиги ҳолати бўйича 2021 йил III чорак рейтинг натижаларига кўра, Давлат божхона қўмитаси юқори 2-ўринни эгаллади.
Янги “Авторасмийлаштирув” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, божхона ходими аралашувисиз декларацияларнинг расмийлаштирилиши йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикасида ТИР-карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи “Е-ТIR” лойиҳаси синов тариқасида амалиётга жорий этилди.
Мазкур халқаро лойиҳа божхона расмиийлаштирувини енгиллаштириш орқали ташқи савдони жадаллаштириш имконини бериб, айни шу жиҳати билан барча ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг манфаатларига бирдек хизмат қилмоқда.
Шунингдек, тадбир давомида, Давлат божхона қўмитасининг http://cargo.customs.uz сайтида синов тариқасида ишга туширилган “Е-транзит” ахборот тизими ҳақида батафсил маълумот берилди.
Бундан ташқари, “Юк операциялари”, “Е-Архив”, “Электрон навбат” ахборот тизимларининг қулайликлари тўғрисида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига батафсил маълумотлар берилди.
Таъкидлаш жоизки, соҳани рақамлаштириш мақсадида божхона мутахассислари томонидан YUNKTAD экспертлари томонидан ишлаб чиқилган «Asycuda», «Sofi/Sofix» француз ахборот тизими, «Bilge» турк ахборот тизими, «TradeNet» номли сингапур ахборот тизими, ҳамда «Uni-PASS» номли корейс ахборот тизимининг ютуқлари ўрганиб чиқилган.
Рақамли божхонани ривожлантириш концепцияси 5 та устувор йўналишдан иборат:
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида давлат бюджетига ундириладиган божхона тўловлари миқдори ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда.
Божхона органлари томонидан давлат бюджетига 2017 йилга (7,6 трлн сўм) нисбатан 2021 йилда 4 баробар кўпроқ яъни 32,5 трлн. сўм божхона тўловлари ундирилиши кутилмоқда.
Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси таркибида махсус таркибий тузилма сифатида - Ситуацион марказ ташкил қилиниб, 2021 йилдан ўз фаолиятини бошлади.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш йўналишида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида 306 килограмм оғирликдаги гиёҳвандлик воситалари, 19 дона ўқотар қурол, 425 дона ўқ, 2803 дона гильза, 2576 дона тақиқланган диний материаллар, 2990 донад психотроп моддалар ва 55 744 дона кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига ўз вақтида чек қўйилди.
Давлат божхона қўмитаси Марказий божхона лабораториясини жаҳон стандартлари даражасига етказиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилди.
Божхона қўмитаси лабораторияси етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг энг замонавий юқори технологик, юқори аниқликка эга ускуналари билан жиҳозланган.
Марказий божхона лабораториясини халқаро “ISO 17025-2019” стандарти талабларига мослиги аниқланиб, тегишли аккредитация гувоҳномаси берилди.
Шунингдек, Марказий Осиё минтақасидаги лабораториялар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, Жаҳон божхона ташкилотининг Марказий Осиёдаги салоҳиятини ошириш мақсадида Марказий божхона лабораторияси Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий мақомини қўлга киритиш арафасида.
Соҳада эришилган ютуқлардан яна бири - божхона расмийлаштируви жараёнларида тадбиркорлик субъектларининг вақти ва харажатларини тежаш мақсадида рухсатнома тусидаги ҳужжатларни электрон олиш бўйича “Ягона дарча” божхона ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.
Соҳадаги яна бир муҳим янгиликлардан бири, божхона қоидаларига риоя этувчи ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантириш ва уларга қулайликлар яратиш мақсадида Ваколатли иқтисодий операторлар институти жорий этилди. Бугунги кунда 28 нафар тадбиркорлик субъектлари ушбу мақомга эга бўлиб, божхона тўловларни кечиктириб тўлаш, товарларни бевосита ўз омборларига тушириш, божхона расмийлаштируви ва назоратини соддалаштирилган тартибда амалга ошириб келмоқдалар.
Божхона соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Жаҳон божхона ва савдо ташкилотлари, Европа Иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Евроосиё иқтисодий иттифоқи каби нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик доирасида ҳам изчил ривожланиб бормоқда.
2020 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо соҳасида халқаро даражада эътироф этилган ҳужжатлар – Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича Киото Конвенцияси ва Вақтинча олиб кириш бўйича Истанбул Конвенциясига қўшилгани мамлакатимиздаги тадбиркорлик ва инвестиция муҳитининг жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Божхона соҳасида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар мамлакатимизда тадбиркорликни янада ривожлантиришга, ташқи савдо айланмаси ҳажмини оширишга, мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга, инвестицион салоҳиятини оширишга, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга ва божхона органлари фаолияти шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
2 сессиядан иборат бўлган мазкур конференция давомида экспертларнинг божхона хизматларини ахборот-техник таъминлаш, божхона органлари бизнес жараёнларини автоматлаштириш ва рақамлаштириш, хорижий давлатлар божхона маъмуриятчилигининг илғор тажрибалари ва бизнес таҳлил бўйича амалиётлари, замонавий рақамли технологиялар ва уларни божхона ишига тадбиқ этиш имкониятлари, божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш учун бошқа чоралар, Ўзбекистон Республикаси божхона маъмуриятчилигининг жорий холати ва унинг инвестицияни жалб этиш ва тадбиркорликни ривожлантиришдаги аҳамияти, божхона маъмуриятчилигининг ривожланиш стратегияси, божхона маъмуриятчилигида ахборот технологияларнинг тадбиқ этилиши мавзуларидаги маърузалари тингланди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан берилган саволларга экспертлар томонидан батафсил жавоблар берилди.
12.11.2021