Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Самарқандда “қувур-профиль” экспорти жадал давом этмоқда
9776
Иқтисодиётнинг асосий сектори бўлган тадбиркор ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ўринбосари Жасурбек Файзуллаев бошчилигида бир гуруҳ божхона ходимлари “Ургут” эркин иқтисодий зонасида фаолият олиб бораётган “AZIA METALL PROF” МЧЖ корхонасига ташриф буюришди.
Самарқандда “қувур-профиль” экспорти жадал давом этмоқда

Корхона 2018 йил ноябрь ойида ишга туширилган. Мазкур корхона қувур-профиль ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, унга Хитой давлатидан дастлаб 15 миллиард сўмлик асбоб-ускуналар келтирилган.

Ойига 8 минг тонна, йилига эса 180 минг тонна маҳсулотларни ишлаб чиқариш қувватига эга мазкур корхонада ҳозирда 150 турдаги қувур-профиллар ишлаб чиқарилмоқда. Корхонада 550 нафар ходим фаолият олиб боради.

Маҳсулотлар ички ва ташқи бозорга етказиб берилмоқда. Шунингдек, корхона ўз маҳсулотларини Козоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби давлатларга экспорт қилиб келмоқда.

Агар таҳлилларга эътибор қаратсак, корхона томонидан 2021 йилнинг 10 ойи давомида 78,6 млн. АҚШ доллар қийматидаги товарлар импорт қилинган бўлиб, ушбу товарларга нисбатан божхона тўловларидан 11,4 миллиард сўмдан ортиқ имтиёз қўлланилган.

Корхона раҳбари Рустам Шаропов билан мулоқот ўтказилиб, бугунги кунда божхона соҳасида тадбиркорлар учун яратилган қулайликлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Ҳозирда “AZIA METALL PROF” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқилган қувур-профилларга талаб юқори. Ишчи гуруҳ мазкур корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишар экан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида корхона томонидан 19,3 млн. АҚШ доллари қийматидаги товарлар хорижга экспорт қилинганлигига гувоҳ бўлишди ва ишлаб чиқариш қувватини янада ошириш ва экспорт географиясини кенгайтириш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Бу каби учрашувлар вилоят бўйлаб давом этмоқда.

10.11.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг