Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалган видеомурожаат юзасидан муносабат билдиради
3730
Жорий йилнинг 8 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда ёритилган Қирғиз Республикаси фуқароси Х.М.нинг видеомурожаати юзасидан Давлат божхона қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.

2020 йил 25 ноябрь куни Қирғиз Республикасида рўйхатга олинган фуқаро Х.М.га тегишли “MERCEDEC BENZ S 500” русумли автотранспорт воситаси Андижон вилоятининг “Дўстлик” чегара божхона пости орқали республикамизга кириб келган.

Божхона постида мазкур автотранспорт воситасига “Автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисида”ги мажбуриятнома расмийлаштирилиб ҳайдовчи Х.М.га тақдим этилган. Мазкур мажбуриятномада автотранспорт воситасини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиб кетиш муддати 2021 йил 31 март куни этиб белгиланган.  

Божхона ходимлари томонидан фуқарога амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ хорижий автотранспорт воситасининг божхона ҳудудида бўлишининг умумий муддати бир календарь йил мобайнида жами тўқсон календарь кундан ошмаслиги ва қайтариб олиб чиқиб кетиш муддати ўтган ҳар бир кунга транспорт воситасининг ҳар бир от кучи учун БҲМнинг 0,7 % миқдорида йиғим ундирилиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Жорий йилнинг 26 август куни юқоридаги транспорт воситаси “Жамшид” исмли Ўзбекистон Республикаси фуқароси томонидан “Дўстлик” божхона постига республика ҳудудидан олиб чиқиш учун белгиланган муддатдан 147 кунга кечиктириб олиб келинган.

Шундан сўнг, божхона пости ходимлари томонидан ушбу фуқарога 97 816 740 сўм миқдорида йиғимлар тўлаши лозимлиги тушунтирилган. Бироқ, фуқаро мазкур йиғимни тўламаслигини ва транспорт воситаси эгасини чақиришини маълум қилгандан сўнг, пост ходимлари томонидан автотранспорт воситаси вақтинча сақловга олинган.

Шунингдек, фуқаро Х.М. ўз видеомурожаатида коронавирус пандемияси сабабли автотранспорт воситасини Ўзбекистондан олиб кетолмаганлигини баён қилган бўлсада, ўрганишлар натижасига кўра ушбу фуқаро 2020-2021 йиллар давомида Ўзбекистон Республикасига бир неча маротаба келганлиги маълум бўлди.

Ушбу ҳолатда фуқаро Х. М. ўзига тегишли транспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш бўйича қонунчилик талабларини бажармаганлиги сабабли, белгиланган йиғимни тўлаган ҳолда автотранспорт воситасини республика ҳудудидан олиб чиқиб кетиши лозим бўлади.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.

9.11.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг