Бу борада куни кеча, Хоразм вилояти божхона бошқармасида вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари иштирокида соҳага оид сўнгги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Президент фармонлари ҳамда Ҳукумат қарорлари мазмун-моҳияти ҳамда божхона соҳада тадбиркорлик субъектларига яратилаётган қулайликлар билан яқиндан таништириш мақсадида семинар ташкил этилди.
Бугун энг аввало, тизимга “Рақамли божхона” тамойилининг кенг жорий қилинаётганлиги, яъни “Хавфларни бошқариш”, “Ягона дарча” каби божхона ахборот тизимлари ва электрон хизматлар кўмагида божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланаётган вақт тобора қисқариши эвазига ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг вақти ва харажатлари тежалишига хизмат қилмоқда.
Бироқ, таҳлиллар илғор рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш мумкинлигини кўрсатмоқда. Шу мақсадда жорий йилнинг 10 сентябрь куни қабул қилинган “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6310-сон Президент Фармонининг мазмун-моҳияти тушунтириб берилди.
Мазкур Фармон ижроси доирасида 2021 йил 1 октябрдан бошлаб, Хоразм вилояти божхона бошқармаси ҳам божхона назоратини олиб боришда “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постлари фаолияти йўлга қўйилди. Фармон билан ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги бир қанча тартиб қоидалар ва енгилликларни амалиётга жорий этилиши назарда тутилган.
2021 йил 1 октябрдан “Масофавий электрон декларациялаш” постлари ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг электрон божхона юк декларацияларини масофавий расмийлаштиради. Шунингдек, “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постлари ташкил этилган ҳудудлардаги ташқи иқтисодий фаолият божхона постларининг фаолияти божхона назорати шаклларини амалга оширишга ихтисослаштирилади.
Аҳамиятлиси шундаки, ҳужжатда назарда тутилган янги қоидалар, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланадиган тадбиркорларга кўпгина қулайликлар яратиш билан бирга, божхона соҳасида содир этилиши мумкин бўлган коррупцион ҳолатларни олдини олишга ҳам хизмат қилади.
Бундан ташқари Давлат божхона қўмитаси тизимида никотин сақловчи маҳсулотлар ва спиртли ичимликлар таркибини аниқлаш, товарларни экспертизадан ўтказиш ва сертификациялаш билан боғлиқ бўлган бошқа хизматларни кўрсатиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва бошқа турдаги криминалистик суд экспертизаларини амалга оширувчи алоҳида юридик шахс мақомига эга Марказий божхона лабораторияси ташкил этилди.
2021 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида:
ветеринария ва фитосанитария органларининг товарларга тегишли ҳужжатларни текшириш ва расмийлаштириш вазифалари “Ягона дарча” божхона ахборот тизими ёки унга интеграциялашган ахборот тизимлари орқали амалга оширилиши;
ветеринария ва фитосанитария органлари томонидан товар-транспорт ҳужжатларига муҳр босиш ва уларни рўйхатга олиш амалиёти бекор қилиниши таъкидлаб ўтилди.
Бугун мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида иқтисодиётни эркинлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, товарлар (ишлар ва хизматлар)дан эркин фойдаланишни таъминлаш ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар учун енгилликлар яратиш мақсадида республикада импортда божхона тўловларидан имтиёзлар қўллаш тизими жорий этилганлиги;
Бунда, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 296-моддасига мувофиқ, ушбу Кодексга, бошқа қонунларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорларига биноан юридик ва жисмоний шахсларга тариф имтиёзлари, қўшилган қиймат солиғини, акциз солиғини ва божхона йиғимларни тўлаш бўйича имтиёзлар, тариф преференциялари берилиши мумкинлиги тўғрисида сўз юритилди.
Жумладан, 2021 йил 20 октябрда қабул қилинган “Рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига биноан маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, қўшилган қийматли маҳсулотлар экспорт ҳажмларини кўпайтириш, шунингдек, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш ҳамда тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича 2021 йил 20 август куни ўтказилган Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йил 1 январга қадар импорт божхона божи “ноль” ставкада қўлланиладиган айрим турдаги хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотлар рўйхати тасдиқланди.
Шунингдек, Автомобиль транспортида юк ташувчи тадбиркорлик субъектларининг автотранспорт воситалари паркини янада янгилаш ва модернизация қилиш, маҳаллий юк ташувчилар учун қулай рақобат муҳитини яратиш, шунингдек, автомобилда халқаро ташувлар соҳасини ривожлантиришнинг ижобий тенденциясини сақлаб қолиш мақсадида ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган “Евро-5” ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган автотранспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари 8701 20, 8704 22 (самосваллардан ташқари) ва тиркамалар ва ярим тиркамалар (ТИФ ТН кодлари 8716 31, 8716 39) транспорт воситаларини 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасига импорт қилишда уларга божхона божининг, утилизация йиғимининг ва автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун автотранспорт йиғимларининг ноль ставкалари белгиланди.
Инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш ҳамда тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича 2021 йил 14 сентябрда қабул қилинган “Рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига биноан махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига 2021 йил 15 сентябрдан бошлаб маҳсулот ишлаб чиқаришда ва ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни импорт қилганда қўшилган қиймат солиғи ва божхона божини фоизлар ҳисобланмаган ва уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунгача муддатга кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилди.
Мазкур семинарда, республикамизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, экспортчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, божхона соҳасига оид қонунбузилиш ҳолатларини содир этган юридик ва жисмоний шахслар ҳамда уларнинг вакилларини соҳага оид муаммо ва масалаларни тегишли норматив-ҳужжатлар асосида таҳлилий ўрганиб чиқиш, божхона органлари билан вужудга келиши мумкин бўлган низоларни муқобил ҳал этиш усуллари ҳамда бугунги кунда давлатимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда берилаётган кенг имкониятларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 сентябрдаги “Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6306-сонли фармони, “Божхона органлари билан вужудга келиши мумкин бўлган низоларни муқобил ҳал этиш усуллари” ва Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш” ҳақидаги 720-сонли Қонуни мазмун-моҳияти бўйича тушунтиришлар бериб ўтилди.
Семинарда божхона тартиб-таомилларни соддалаштириш ва соҳада амалга оширилган ишлар, товарлар экспорти ва импортида яратилган қулайликлар ҳамда “Ягона дарча” божхона ахборот тизимининг қулайлик ва афзалликлари, шунингдек, импорт қилинаётган товарларнинг ТИФ ТНда таснифланиши бўйича дастлабки қарор қабул қилиш тартиби, ушбу хизматдан фойдаланган тадбиркорга келгуси расмийлаштирув давомида ТИФ ТН коди бўйича муаммоли ҳолатлар юзага келмаслиги тўғрисида маълумотлар берилди.
Бундан ташқари ҳозирда Телеграмм мессенжерида ташкил этилган “Xorazm eksport-import” канали орқали ҳам юзага келган муаммоларни тезкорлик билан аниқлаб, амалий ёрдам кўрсатиш, божхона соҳасига оид барча савол ва таклифларни билдириш имконияти йўлга қўйилганлиги иштирокчилар эътиборига етказилди.
Ўзаро савол-жавоб тарзида ўтказилган семинарда иштирокчиларни қизиқтирган саволлари, учраётган муаммоларига масъуллар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Тадбир сўнгида бошқарманинг ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари фаолиятида коррупцияни олдини олиш самарадорлигини мониторинг қилиш мақсадида социологик аноним сўровнома ўтказилди.
Шунингдек, тадбиркорларнинг соҳа фаолиятига оид таклиф ва мулоҳазалари, ходимлар томонидан йўл қўйилган ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар мавжуд бўлган тақдирда ДБҚнинг 11-08 рақамли “Ишонч телефони”га ёки бошқарманинг (62) 227-70-11 рақамли телефонларига мурожаат қилишлари мумкинлиги, ҳар бир келиб тушган мурожаатни албатта қонуний ҳал этиш чоралари кўрилиши эслатиб ўтилди.
8.11.2021