Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 2 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўз моҳиятига кўра, халқаро-иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиши ва мамлакатимиз иқтисодиётининг инвестициявий жозибадорлигини оширишни ҳисобга олган ҳолда божхона органлари ходимларининг билим ва кўникмаларини, шунингдек ўз вазифаларини самарали амалга ошириш учун зарур бўлган касбий маҳоратини оширишни таъминловчи божхона ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, соҳа бўйича илмий-тадқиқот масалаларини комплекс тарзда янгича мазмун ва шаклда ташкил этишга хизмат қиладиган муҳим ҳужжат ҳисобланади.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институти Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти этиб қайта ташкил этилди ва божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ихтисослаштирилган олий таълим ҳамда илмий-методик муассаса сифатида белгиланди.
Институтда божхона иши соҳасидаги халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда курсантларида таҳлилий фикрлаш, янги билимларни мустақил равишда эгаллаш ва уларни амалиётда қўллаш кўникмасини ривожлантиришга йўналтирилган янгича ўқитиш тизимини шакллантириш мақсадида икки босқичли “Божхона иши” ва “Юриспруденция (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш)” мутахассисликлари бакалаврларни ҳамда “Божхона иши (фаолият турлари бўйича)” ва “Солиқ ва божхона ҳуқуқи” мутахассисликлари бўйича магистрларни тайёрлаш амалга оширилади. Эндиликда юриспруденция мутахассислигини тамомлаган институт битирувчиларининг касбий фаолият соҳалари кенгайиб, нафақат божхона органларида, балки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида ҳам хизматни ўташ имкониятига эга бўлишади.
Қарорда мутахассислар тайёрлаш бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларининг амалиётга йўналтирилганлик жиҳатини кучайтириш орқали кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, битирувчиларда етарли амалий кўникмаларни шакллантириш мақсадида 2018-2019 ўқув йилидан номутахассислик фанларнинг ҳажмини камайтириш ва мутахассислик фанлари ҳажмини ошириш ҳисобидан уч йиллик назарий курс ҳамда ҳудудий божхона бошқармаларида бир йиллик стажировка ўташдан иборат ўқитиш тизими йўлга қўйилади.
Мутахассислик соҳасидан билим ва малака билан биргаликда хорижий тиллардан бирини мукаммал билиш, касбий фаолиятда ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўникмасига ҳамда метин ва букилмас иродага эга бўлиш замонавий божхоначи учун зарур бўлган муҳим компетенциялар сирасига киради. Шу боис, курсант ва тингловчиларни психологик бардошлилигини ошириш ва хорижий тилларни ўрганишни замонавий тизимини жорий этиш мақсадида Тил ва психологик тайёргарликни ривожлантириш маркази фаолият юритади.
Институт ўқув жараёнида ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш ҳамда самарали бошқарув тизимини жорий этиш бўйича ишлаб чиқиладиган Комплекс чора-тадбирлар дастурида тренажер-имитацион комплекслар ва мослашувчан автоматлаштирилган тренажерларни жорий этиш ҳисобига курсантларни назарий ва амалий тайёрлаш технологияларини такомиллаштириш, ўқув видеофильмлари ва электрон ўқув модуллари ҳисобига таълим ресурслари базасини шакллантириш, профессор-ўқитувчилар ва курсантларнинг глобал ахборот-ҳуқуқий ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш назарда тутилмоқда. Хусусан, институт Ахборот ресурс марказини “Электрон таълим” миллий тармоғига беғараз асосда уланишини, шунингдек Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ахборот-кутубхона фондига ва етакчи хорижий ахборот-кутубхона ресурслари фондларидан узлуксиз фойдаланиш имконият яратилади.
Шиддат билан ўзгариб бораётган иқтисодий-ҳуқуқий воқелик замонавий педагогдан доимий равишда ўз устида ишлашини, амалиёт билан ҳамқадам ва ҳамнафас бўлишини талаб этади. Зеро, малакали ўқитувчигина юқори таълим сифатини таъминлай олади. Айнан шу туфайли профессор-ўқитувчилар таркиби юқори даражадаги касбий ва педагогик маҳоратга, шу жумладан божхона органларида амалий иш тажрибасига эга бўлган мутахассислар билан мустаҳкамланади, мутахассислик фанлари ўқитувчиларини бевосита божхона органларида муддати бир йилгача бўлган мақсадли ротация қилиш амалга оширилади.
Институт божхона органлари тизимида хизматни олиб бораётган ходимларни юксак касбий маҳоратини ошириш, божхона фаолиятининг тегишли соҳаларида бошқарув кўникмасини ривожлантириш каби муҳим вазифаларни ҳам бажаради. Қарор билан божхона органлари раҳбар кадрларини тайёрлаш учун ўқиш муддати 3 ойдан иборат бўлган “Божхона менежменти” олий курслари жорий этилганлиги бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.
Соҳа бўйича курсантларда чуқур билимларни шакллантириш тизимини ўқитишнинг замонавий инновацион шакл ва усуллари, педагогик технологияларга асосланган ўқув-услубий таъминотисиз тасаввур қилиш қийин. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда институтда ўқитиладиган фанлар ва предметлар бўйича янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмалари тайёрланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, республикада соҳа бўйича ягона таълим ва илмий-методик муассасса сифатида институтда божхона назоратини такомиллаштиришга доир мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммолари бўйича илмий-тадқиқотлар амалга оширилади ҳамда илмий ишланмаларнинг натижалари ўқув жараёнига ва божхона амалиётига жорий этилиши таъминланади. Божхона ишининг долзарб муаммолари бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, натижаларини чоп этиш учун Институт ҳузурида “Ўзбекистон божхона ахборотномаси” даврий илмий журнали фаолият юритади.
Қарорда институт профессор-ўқитувчиларини моддий рағбатлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда институт ходимларига Давлат божхона қўмитасининг Махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан лавозим маошининг 70 фоизи миқдорида ойлик устама белгиланди.
Қарор билан мустаҳкамланган яна бир янгилик шундан иборатки, институт фаолиятидаги халқаро ҳамкорлик йўналишидаги ишлар кадрлар тайёрлаш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва стажировкасини ўтказишда соҳавий етакчи хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва тажриба алмашишга асосланади. Бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича етакчи хорижий ихтисослаштирилган маълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари жорий этилади.
Хулоса ўрнида айтганда, мазкур ҳужжат билан республикамизда профессионал божхона ходимларини тайёрлайдиган таълим муассасасининг нафақат вазифалари, балки кадрларни тайёрлаш услубиёти ҳам тубдан ўзгаради. Бундан кўзланган асосий мақсад инновацион иқтисодиёт ривожланиб бораётган, халқаро ҳамкорлик тобора жадаллашиб бораётган шароитда мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда замонавий иқтисодий ва ҳуқуқий билимларга ва кенг дунёқарашга эга божхоначилар сафини кенгайтиришдан иборатдир.
5.11.2018