Ушбу йўналишда юртимизда бир қатор янги қонун ҳужжатлари қабул қилиниши билан бир қаторда, амалда қўлланилаётган тартибларга ҳам сезиларли ўзгартиришлар киритилди. Биргина Вазирлар Маҳкамасининг 11 октябрь 2017 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 814-сон қарори ушбу ишларнинг яққол намунаси бўла олади.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси чегара божхона постлари орқали ўтувчи жисмоний шахслар учун жаҳон стандартларига мос қулайликлар яратилди. Ўз навбатида, жисмоний шахслар учун яратилган қулайликлар божхона назоратини соддалаштириш ва самарадорлигини оширишга хизмат қилди.
Ушбу сўзлар исботи сифатида “Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти” чегара божхона пости мисолида статистик маълумотларни келтириб ўтамиз: 2018 йил 1 январдан бошлаб икки йўлакли тизим тўлиқ йўлга қўйилган бўлиб ҳозирги кунга қадар пост орқали ҳаракатланган барча йўловчиларнинг ўртача 96 фоизи “яшил” йўлакдан харакатланган, яъни соддалаштирилган тартибда божхона назоратидан ўтказилган. Соддалаштирилган тартиб ўзи қандай?
«Яшил» йўлак орқали ҳаракатланган шахс ўзи билан олиб кириш ёки олиб чиқиш қонун ҳужжатларига мувофиқ тақиқланган ёки чекланган товарлари йўқлиги;
қиймати ва (ёки) миқдори божхона тўловлари олинмайдиган товарларни олиб ўтишнинг чекланган нормаларидан ва декларация тақдим этмасдан олиб ўтиш нормаларидан ошиб кетган товарлари йўқлигини;
олиб ўтаётган нақд миллий ва хорижий валюталари ёзма декларациялаштириладиган нормаларига етмаслигини таъкидлаган ҳисобланади ва унга нисбатан божхона назоратининг енгиллаштирилган турлари қўлланилади.
Бунда жисмоний шахслар божхона қонунчилиги талабларига риоя этиш мажбуриятидан озод этилмайди.
Яна бир мисол, илгари резидент ва норезидентлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютасини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва олиб чиқишга Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан ошмайдиган сумма доирасида рухсат бериларди. Ҳозирги кунга келиб қонунчилик нормаларига бир қатор ўзгартиришлар киритилганлиги сабабли, жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ва чет эл валюталарини 100 миллион сўм эквивалентигача ҳеч қандай рухсатномаларсиз олиб чиқишлари мумкин. Нақд валютани олиб кириш эса чекланмаган, фақатгина 70 миллион сўм эквивалентидан ошган нақд валюталарни ёзма декларациялаш лозим бўлади. Бу эса ўз навбатида юртимиз фуқаролари ва меҳмонлари учун бир қатор қулайликлар яратади.
Ўз навбатида, божхона расмийлаштируви ва назоратидан ўтишни енгиллаштириш божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатларининг кўпайишига олиб келиши мумкин.
Шу сабабли, эришилган ютуқларга, яъни енгилликларга зарар етказмаган ҳолда божхона назоратини тўлиқ олиб бориш ва юртимиз осойишталигини ҳамда иқтисодий хавфсизлигини таъминлаб бориш зарур. Буни қандай амалга оширса бўлади? Албатта, ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида!
Ҳозирги кунда божхона органларида 50 дан ортиқ ахборот тизимлари ва 30 га яқин интерактив хизматлар жорий этилган бўлиб, уларнинг барчаси жисмоний ва юридик шахсларга божхона соҳасига оид маълумотларни олиш ва киритишга, шунингдек, божхона расмийлаштируви ва назорати жараёнларини енгиллаштиришга, вақт ва маблағ харажатларини камайтиришга хизмат қилади. Ўз навбатида, божхона назоратини ортиқча операцияларсиз тўлиқ ва сифатли олиб боришга ёрдам беради.
Божхона органлари фаолиятининг асосий ва муҳим кўрсаткичларидан бири божхона соҳасида содир этилган ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ҳисобланади. Божхоначилар томонидан аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кўлами жуда кенг эканлиги, божхона ходимларидан турли соҳаларда кенг билимга эга бўлишни, мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилишни тақозо этади. Ушбу мураккаб ишда уларга замонавий технологиялар ёрдамга келади.
Хусусан, юртимизда чегара божхона постларига ўрнатилган инсон танасини сканерловчи “Body scanner”, юк автомобилларини ва темир йўл вагонларини сканерловчи инспекцион кўрик мажмуалари, юқори сезувчанликка эга бўлган қидирув мосламалари, металл ва турли хил моддалар таркибини аниқловчи мини лабораториялар ва портатив мини камералар бу каби технологияларнинг намунасидир.
Ҳозирги кунга келиб барча ҳудудларда мавжуд бўлган ушбу қурилмалар ёрдамида божхона ходимлари минглаб жиноятларни фош қилишмоқда.
Мисол тариқасида қўшни мамлакатлардан юртимизга йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари, турли хуфиёна жойларга беркитилган товар-моддий бойликлари, психотроп моддалар ва пиротехника воситаларини олиб киришга бўлган уринишларни айтиб ўтишимиз мумкин.
Чегара божхона постларида фаолият юритаётган ўзига хос ситуацион марказлар ҳам қисқа вақт ичида, божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатларини аниқлашда қўлланиладиган асосий воситалардан бири бўлишга улгурди. Сабаби, бу ердан туриб чегара божхона постларини кесиб ўтаётган фуқароларга ортиқча қийинчиликлар туғдирмаган ҳолда божхона қонунбузилиши ҳолатларини аниқлаш мумкин.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, хозирги кунга келиб Ўзбекистон Республикаси божхона органлари замон талабларига ва халқаро стандартларга мос равишда фаолият юритувчи давлат органи ҳисобланади. Бундай натижаларга эришишда ахборот технологияларининг ўрни жуда катта.
8.11.2021