Куни кеча, Қарши шаҳрида вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси, вилоят бокс федерацияси ҳамда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ҳамкорлигида Қашқадарё, Сирдарё, Жиззах ва Фарғона вилоятларидаги бокс мактабларида шуғулланаётган 2006-2010 йилларда таваллуд топган ёш ўғил болалар ўртасида бокс мусобақаси ўтказилди. Ушбу бокс мусобақасида 30 та вазн тоифасида жами 150 нафардан зиёд чарм қўлқоп усталари рингга кўтарилишди.
Мусобақага жалб этилган спортчиларнинг мураббийлари ўз шогирдларини беллашувларга ҳам жисмонан ҳам руҳан кучли тайёрлаганликлари мусобақа давомида кўзга ташланди.
Шунингдек, ўз рақибларига муросасиз жанг таклиф қилган ёшлар чемпионлик учун бор кучларини сарфлаб, жангларни қизғин ва муросасиз ўтишини таъминлади.
Шиддатли кечган курашларда ўзининг алоҳида эпчиллиги ва тезкорлиги билан ажралиб турган боксчилар ҳақли равишда ўз вазн тоифасида ғолиб деб топилди.
Бокс мусобақасининг тақдирлаш маросимида Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Қодиров, Ўзбекистон бокс федерацияси Қашқадарё вилояти бўлими раиси Ж.Аннаев иштирок этиб, ғолиб ва совриндорларга медал ва фахрий ёрлиқ эсдалик совғаларни топширишди.
8.11.2021