Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятидан хабардормисиз?
3878
Амалдаги тартибларга кўра, божхона органининг қарорига асосан тўловчига божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши мумкин. Божхона тўловларини тўлаш муддатининг қўшимча даврга узайтирилиши божхона тўловларини кечиктириб тўлашдир. Божхона тўловларини тўлаш муддатини қўшимча даврга узайтириб, тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммасини шу давр ичида қисмларга бўлиб тўлаш божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлашдир.

Кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти қанча муддатга берилиши мумкин?

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан олтмиш календарь кундан ошмаслиги лозим, бундан Божхона кодексининг 329-моддаси бешинчи ва ўн биринчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан тўқсон календарь кун муддатга кечиктириб тўлаш имконияти қуйидагилар бўйича берилади:

  • ишлаб чиқарувчи корхоналарга экспорт маҳсулотини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган, божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш бўйича;
  • моддий ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги микрофирмалар ҳамда кичик корхоналарга, фермер хўжаликларига, шунингдек юридик шахс мақомини олган деҳқон хўжаликларига ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган товарлар учун божхона тўловларини тўлаш бўйича.

Шунингдек, 2021 йил 14 октябрда қабул қилинган ЎРҚ-722-сон Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ Божхона кодексининг 329-моддасига киритилган ўзгаришга асосан товарларни импорт қилиш билан уч йилдан ортиқ вақтдан буён шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини яхши (ёки ўз вақтида) бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади. Бунда божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти охирги уч йил давомида тўланган божхона тўловлари суммасининг эллик фоизидан ошмайдиган сумма миқдорида, олти ой муддатга божхона тўловларини таъминлаш қўлланилмаган ҳолда берилиши мумкин.

 Қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини олиш учун тўловчи божхона органига:

божхона тўловлари суммаларини тўлаш бўйича ёзма мажбуриятни ўз ичига олган аризани;

Божхона кодексининг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланиши таъминланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади.

Кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашда имкониятидан фойдаланганда қанча миқдорда фоиз тўловлари тўланади?

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган ҳар бир кун учун тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасининг эллик фоизи миқдорида, бир кун учун қайта ҳисоб-китоб қилинган ҳисоблаб чиқариладиган фоизлар ундирилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексининг 100-моддаси талабларига кўра мазкур миқдор акциз ва қўшилган қиймат солиғи учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкаси миқдорини ташкил этади.

Фоизлар кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган божхона тўловларининг суммаси тўлангунига қадар ёки тўлаш билан бир вақтда, лекин кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш муддати тугайдиган кундан кейинги кундан кечиктирмай тўланади. 

Божхона кодексининг 329-моддаси 5 ва 10-қисмларида назарда тутилган ҳолларда божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган тақдирда, фоизлар ҳисобланмайди ва тўланмайди.

Божхона тўловлари бўйича кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилганлиги учун фоизларни тўлаш, ундириш ва қайтариш БКнинг 4648 ва 49-бобларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Тўловни кечиктириб тўлаш учун фоизлар кечиктирилган тўлов суммаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади. Фоизлар товар чиқарилган кундан кейинги кундан бошлаб тўловларни тўлаш мажбурияти тугайдиган кунгача бўлган муддат учун ундирилади.

Бўлиб-бўлиб тўлашда тўлов муддати бошқа муддатга кўчирилган суммадан келиб чиқиб ҳисобланади. БЮД бўйича ҳисобланган, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган божхона тўловларининг графикка мувофиқ маълум қисми тўлангандан кейин тўлов сўндирилган қарздорлик суммасига камайтирилади.

Тўловлар ўз вақтида тўланмаганлиги учун жавобгарлик белгиланганми?

Тўловчи томонидан тўлов суммаларини тўлаш:

  • кечиктириб тўлаш имконияти берилганда – кечиктириб тўлаш муддати тугайдиган кундан кечиктирмай;
  • божхона органи томонидан тўловчи билан биргаликда тасдиқланган жадвал бўйича бўлиб-бўлиб тўланадиган суммаларни киритишнинг келишиб олинган кунларидан кечиктирмай амалга оширилади.

Божхона тўловларининг суммалари ўз вақтида тўланмаган тақдирда, божхона органлари қарздорликнинг бутун суммасини депозит, товарлар гарови, банк кафолати, суғурта полиси ёки кафиллик билан таъминланган пул маблағлари ҳисобидан ундириб олиш чораларини кўради.

 

4.11.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг