Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришда илғор рақамли технологияларни кенг жорий этиш
966
Рақамли иқтисодиётнинг таркибий қисми бўлган рақамли божхона соҳасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларининг босқичма-босқич жорий этилиши натижасида фаолият шаффофлиги ҳамда самарадорлиги тобора ортиб бормоқда.
Божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришда  илғор рақамли технологияларни кенг жорий этиш

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрь куни қабул қилинган “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони билан Давлат божхона қўмитасининг тоифадан ташқари мақомга эга бўлган “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постлари ташкил этилиши белгилаб берилди.

Хусусан, 2021 йил 1 октябрдан Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари божхона бошқармаларида ташкил этилган бўлса, 2022 йил 1 апрелдан бошқа ҳудудий бошқармаларида ташкил этилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда Сирдарё вилояти божхона бошқармасида “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости ташкил этилиб, расмийлаштирув жараёнлари фармон талаблари асосида тўлиқ амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, мазкур фармонда 2021 йил 1 декабрдан Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида,

– ветеринария ва фитосанитария органларининг хужжатларини “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали текширилиши;

– ветеринария ва фитосанитария органларининг товар-транспорт хужжатларига муҳр босиш ва рўйхатга олиш амалиёти бекор қилиниши;

– тўланадиган барча йиғимларни транспорт воситалари чегара пунктига киргунга қадар ягона ҳисоб-варақ асосида олдиндан тўлаш амалиёти жорий этилиши кўрсатиб ўтилди.

Шу билан бирга, 2022 йил 1 январдан бошлаб, ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари ТИФ иштирокчисига 3 иш куни давомида қайтарилиши, божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг энг кам муддати 14 кун этиб белгиланади ва ушбу муддатда фоизлар ундирилмаслиги ҳамда қўшимча ҳисобланган божхона тўловларининг ундирилмайдиган ва қайтарилмайдиган миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизигача этиб белгиланиши белгилаб ўтилди.

Хулоса қилиб айтганда, соҳада олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга, юртимиз инвестицион салоҳиятини оширишга, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга, божхона органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

 

1.11.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг