Ташриф давомида, корхонадаги ишлаб чиқариш жараёни, чет элдан импорт қилинаётган хомашё материаллар, хорижга чиқарилаётган тайёр экспорт маҳсулотларини кўздан кечиришди.
Учрашув давомида корхона масъуллари билан мулоқот қилиниб, божхона расмийлаштируви давомида муаммолар бор-йўқлиги сўралиб, бугунги кундаги меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳияти тушунтирилди. Ҳозирги кунда ўқув лаборатория жиҳозлари ва электр двигателли уч ғилдиракли юк мотоциклларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган “ELXOLDING” корхонаси ўз эҳтиёжлари учун 2021 йилда Хитой, Германия, Украина, Россия каби давлатлардан 2 миллион АҚШ доллари қийматидаги хомашёлар келтирган. Олиб келинган товарлар учун корхонага божхона расмийлаштирувидан 647 миллион 500 минг сўм миқдорида божхона имтиёзи қўлланилган. Бу эса тадбиркорга тежаб қолинган маблағлар эвазига ишлаб чиқариш қувватини янада кенгайтиришга имкон яратмоқда.
Ўз навбатида корхона йилига 300 комплект ўқув лаборатория жиҳозлари ҳамда 1500 дона юк мотоцикллари ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозирда 230 нафар ишчи фаолият олиб бормоқда. Шундан 67 нафар аёллар иш билан таъминлаган.
Жорий йил бошидан бугунги кунга қадар корхона томонидан умумий қиймати қарийб 36 млн. долларлик 2,73 тонна маҳсулот Беларуссия ва Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинган. Экспорт географиясини кенгайтириш борасида амалий ишлар олиб борилиб, қўшни давлатларга маҳсулотларни етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, корхона томонидан жорий йилда 500 та электр двигателли юк мотоцикллари бозорга чиқарилган.
Мазкур корхона ҳозирда 200 см/куб двигателли уч ғилдиракли “ELDOSH EL-200” русумли мотоциклларини ишлаб чиқармоқда. “ELXOLDING” корхонасида, шунингдек, интерактив сенсор панеллар ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, йилига 5 минг дона сенсор панеллар ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу лойиҳа қиймати 41,4 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
Бу каби учрашувлар вилоят бўйлаб давом этмоқда.
2.11.2021