Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорлар учун яратилаётган қулайликлар аҳоли фаровонлигига хизмат қилади
2275
Тошкент шаҳар божхона бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5303-сон Фармони ижросини таъминлаш бўйича божхона соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимига доир масалалар юзасидан тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Давлат божхона қўмитаси раис ўринбосари А.Асамов бошчилигида ўтказилган мазкур учрашувда аҳолини арзон нархларда сифатли картошка маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида картошка маҳсулотлари импорти соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилиши маълум қилинди.

Учрашув давомида картошка маҳсулотларини республика ҳудудига олиб кирилишидан тортиб, токи якуний истеъмолчиларга етказиб берилишигача бўлган ташкилий ва расмийлаштирув жараёнларини тезлаштириш ҳамда узлуксизлигини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
30 октябрдаги “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПФ-5564-сон Фармони билан:

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 январдаги ПФ-5303-сон Фармонининг 9-бандида белгиланган импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва хом ашёларнинг айрим турларини 2019 йил 1 январга қадар муддатга божхона тўловлари тўлашдан озод қилиш (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) бўйича талаб 2020 йил 1 январга қадар узайтирилганлиги;

- божхона тўловлари тўлашдан озод қилинган ҳолда импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатига ТИФ ТН коди 1006 позициядаги гуруч маҳсулоти ҳам қўшилганлиги ҳақида маълумотлар бериб ўтилди.

Суҳбат давомида тадбиркорлик субъектлари картошка импорти масаласида муаммолари қолмаганлигини, яратилган қулай имкониятлар шароитида халқимизга сифатли, хавфсиз ва арзон маҳсулотларни олиб келишларини якдиллик билан таъкидлаб ўтишди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, аҳолига узлуксиз равишда сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш бўйича божхона органларига юклатилган вазифалар ДБҚ Раиси томонидан назоратга олинган бўлиб, ҳудудий божхона бошқармаларида туну-кун 24 соат давомида ишлар ташкил этилган.

 

 

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

 

4.11.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг