Гап шундаки, Ойбек чегара божхона постига кириб келган фуқаро Б.У. бошқарувидаги “DAF” русумли автомашина ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Ҳужжатларга кўра, узум ортилган автомашина республикамиз ҳудудидан транзит тарзида ўтиб, Россия Федерациясига етиб бориши лозим эди.
Божхоначилар инспекцион кўрик мажмуаси орқали автомашинани кўздан кечирар экан, автомашина чуқурлаштирилган ҳолда божхона кўригидан ўтказилиши кераклиги тўғрисида хулосага келишди.
Шубҳа остига олинган юк автотранспорт воситаси тезкор тузилмаларнинг махсус кузатуви остида, “Янгийўл” божхона постида ўрнатилган тартибда кўздан кечирилди.
Транспортга ортилган узумлар туширилгач, тиркаманинг пол қисми очиб кўрилди. Қаранг-ки, божхона ходимларининг кўзини шамғалат қилиш мақсадида полда яширин бўлмалар ҳосил қилиниб, улар орасига эса яшил рангли елим идишлар полиуретан кўпик кўмагида зичлаб жойлаштирилган эди.
Уддабуронлик билан жойлаштирилган 141 дона елим идишларда, идиши билан ҳисоблаганда жами 156 кг.га яқин гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланди.
Идишлардаги гиёҳвандлик воситаларининг ҳидини хизмат итлари пайқамаслиги учун идиш қопқоғи махсус смола - қатрон кўмагида ишлов берилганлиги маълум бўлди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида 149,76 кг. “гашиш”, 4,44 кг. “опий” ва 1,52 кг. “героин” гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.
2.11.2021