Барча давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан халқ манфаати йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, унда аҳолининг тўлиқ қамраб олиниш даражаси, шунингдек, давлат идоралари ва халқ орасидаги тўғридан-тўғри мулоқотнинг шаклланиши ҳозирги пайтда барча давлат идоралари ва ташкилотларининг кун тартибидаги асосий масаласига айланган десак муболаға бўлмайди.
Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш, аҳолини қийнаётган масалаларнинг тез фурсатларда ижобий ҳал бўлишини таъминлаш борасидаги ишлар Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 11 сентябрда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талаблари асосида ташкиллаштирилган.
Ҳозирда оғзаки, ёзма ёки электрон тарздаги мурожаатларнинг, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга қулайлик яратиш мақсадида бошқарма раҳбарияти ва раҳбар ходимлар қабулига келиши, масофадан туриб телефон орқали оғзаки мурожаат қилиши, ёки уйдан туриб электрон мурожаатларни йўллаш имконияти яратилган бўлиб, буларнинг барчаси бир ҳил аҳамиятга эга ҳисобланади.
2021 йилнинг дастлабки 9 ойи давомида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасига жисмоний ва юридик шахслар томонидан соҳа фаолияти бўйича ўзларини қизиқтирган саволлар, шунингдек, ариза, таклиф ва шикоятлар каби жами 95 та мурожаат келиб тушган.
Шундан жисмоний шахслар мурожаатлари 71 тани, юридик шахслар мурожаатлари 24 тани ташкил қилди. Мурожаатларнинг 25 таси ёзма, 27 таси электрон ва 43 таси оғзаки шаклда келиб тушган. Келиб тушган мурожаатлардан 25 таси ижобий қаноатлантирилган, 65 тасига тушунтиришлар берилган, 5 таси тегишлилиги бўйича бошқа идораларга юборилган.
Божхона органлари барча жисмоний ва юридик шахсларнинг божхона назорати ва расмийлаштируви, товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартиб таомиллари, божхона тўловлари турлари ва ставкалари, шу ва шу каби бошқа барча мурожаатларига ўз ваколати доирасида жавоб бериб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларида божхона органлари фаолиятига доир мавжуд муаммо ва таклифларни тўлиқ ўрганиб чиқиб, қонунчилик доирасида ҳал этишга доимо тайёр эканлигини маълум қиламиз.
Шунингдек, барча жисмоний ва юридик шахсларнинг божхона соҳасига оид мурожаатларини Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ёки Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқамасининг 61 224-90-86, 61 224-02-68 ишонч телефон рақамларига қўнғироқ қилиб йўллашлари мумкинлиги эслатиб ўтамиз. Унутманг, ҳар бир мурожаат эътиборимиз марказида!
Н.Розибаев,
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан
алоқалар гуруҳи катта инспектори,
божхона хизмати капитани
25.10.2021