Мазкур йўналишда энг аввало фаолиятнинг барча йўналишларига ахборот-коммуникация технологияларидан кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида, айни кунда 67 та автоматлаштирилган ахборот дастурлари ва 33 та интерактив хизматлар ишга туширилган.
Қисқа қилиб айтганда, божхона чегарасидан келган импорт товарлар импортёр ихтиёригача, экспорт товарлар эса мамлакатдан чиқиш божхона постигача бўлган ҳар бир босқич автоматлаштирилган ахборот дастурлари орқали онлайн тарзда, асосийси божхона назоратига олинган ҳолда амалга оширилмоқда.
Мазкур йўналишда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойида 524,2 миллион АҚШ доллари қийматидаги импорт ва экспорт товарлар худди шу дастурлар орқали божхона расмийлаштирувидан ўтказилган. Ушбу товарлар учун ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан тақдим этилган божхона юк декларацияларининг барчаси масофадан туриб, онлайн тарзда божхона расмийлаштирувидан ўтказилган.
Аҳамиятлиси шундаки, юқорида қайд этилган барча жараёнларда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ва божхона ходимлари ўзаро учрашмайди, бу эса товарларнинг инсон омилисиз божхона расмийлаштирувини таъминламоқда. Шунингдек, божхона соҳасида содир этилиши мумкин бўлган коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, фуқаролар ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан ўзларининг мурожаатлари бўйича Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ҳамда Қашқадарё вилояти божхона бошқармасининг (75) 221-04-80 рақамли ишонч телефонларига мурожаат этишлари мумкин.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати
23.10.2021