Форум 4 та халқаро ташкилот ва 32 давлатнинг 150 дан ортиқ делегациялари, жами 2300 нафардан ортиқ экспертларни ўзида жамлади.
Нуфузли тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси вакиллари ҳам қатнашди.
Форумдаги иштироки доирасида Давлат божхона қўмитаси делегацияси дастлаб Россияда почта жўнатмаларининг расмийлаштирув тартиботлари билан яқиндан танишишди.
Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси делегацияси ҳиндистонлик ҳамкасблари билан музокаралар ўтказишди.
Давлат божхона қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари в.б. И.Мухторов ва Ҳиндистон Республикаси Билвосита солиқлар ва божхона марказий кенгаши раиси А.Кумар иштик этган мазкур учрашувда томонлар 2020 йил 10 декабрда Ўзбекистон-Ҳиндистон ўртасида божхона соҳасидаги ҳамкорлик юзасидан имзоланган Меморандум ижросини муҳокама қилишди.
Меморандум ўзаро ахборотлар алмашинуви, АКТ соҳасида ҳамкорлик ва тажриба алмашишни назарда тутади.
Ташриф доирасида Давлат божхона қўмитаси делегацияси Литва божхона хизмати вакиллари билан ҳам икки томонлама учрашув ўтказишди. Унда асосий эътибор экспорт-импорт сохасида электрон ахборот ва тажриба алмашиш истиқболларига қаратилди.
Латвия божхона делегацияси билан музокаралар ҳам самарали кечди. Томонлар электрон ахборот ва АКТ соҳасида ўзаро тажриба алмашиш имкониятларини муҳокама қилишди ва келгусида ҳамкорлик меморандумини имзолаш юзасидан келишувга эришилди.
Ўзбекистон божхона делегацияси Россиянинг “Скантроник” компанияси вакиллари билан ҳам учрашув ўтказишди. Унда идентификацион кўрик мажмуалари соҳасидаги сўнгги янгиликларни миллий божхона тизимига янада кенгроқ тадбиқ этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Давлат божхона қўмитаси вакиллари Россия федерал божхона хизмати Москва вилояти божхонасининг “Электрон расмийлаштирув маркази”да бўлишди. Хабарингиз бор, бизда ҳам жорий қилнинг 1 октябридан бошлаб қатор вилоятларда “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постлари ишга туширилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси делегацияси Тожикистон билан икки томонлама электрон ахборот тизимини ишга тушириш юзасидан қўшимча келишув имзолади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси вакилларининг "Халқаро божхона форуми"даги иштироки ҳар жиҳатдан фаол ва самарали кечди.
22.10.2021