2021 йил 7 октябрь куни эса пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида асосий тадбир - МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари Кенгаши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар раҳбарлари Қўмитасининг 21-мажлиси бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, минтақада божхона соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган мазкур муҳим тадбир аслида 2020 йилда - Ўзбекистон Республикасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги даврига мўлжалланган бўлиб, пандемия сабабли ортга сурилган эди.
Мажлисда Ўзбекистон, Арманистон, Беларус, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон божхона хизматларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларининг 30 нафардан зиёд раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этдилар.
Тадбирни МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари Кенгаши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар раҳбарлари Қўмитасининг амалдаги раиси, Россия федерал божхона хизмати раҳбари ўринбосари О.Губайдулин очиб берди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари У.Кодиров сўзга чиқиб, мажлис иштирокчиларини Ўзбекистонга ташрифи билан қизғин қутлади.
Таъкидланганидек, сўнгги таҳлилий маълумотларга кўра, МДҲга аъзо давлатлари чегаралари орқали товар ва транспорт воситалари ҳаракати йилдан йилга сезиларли равишда ортиб бормоқда. Шу баробарда ноқонуний товар-моддий бойликларнинг оқими ҳамда контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари хавфи ҳам сақланиб қолмоқда.
Ушбу жараёнга Афғонистондаги мавжуд вазият ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Хусусан, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари томонидан томонидан катта партияда афғон наркотикларининг транзит олиб ўтилиши олди олинди.
Шунингдек, сунъий гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқараётган нарколабораториялар фаолияти ҳам фош этилди. Бир сўз билан айтганда, йил бошидан буён Ўзбекистонда божхоначилар салкам 306 кг. гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйишди.
Бундан ташқари, пандемия даврида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи дориларнинг интернет орқали савдоси ҳам кучайиб, уларнинг почта жўнатмалари орқали кириб келиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Бундай мураккаб вазиятда эса МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари Кенгаши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар раҳбарлари Қўмитасининг роли янада ортади.
Қўмита йиғилишида иқтисодий жиноятлар, гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш, божхона суриштируви ва кинология соҳасида ҳамкорлик, божхона хизматларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалари ходимлари малакасини ошириш, Жаҳон божхона ташкилотининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш борасидаги минтақавий алоқа тармоғи – «Rilo-Москва» доирасида ахборотлар алмашинувига доир 15 дан ортиқ масалалар кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари Кенгаши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар раҳбарлари Қўмитаси таркибидаги 6 ишчи гуруҳ асосий мажлисга қадар кун тартибидаги масалалар юзасидан ишчи йиғилишлар ўтказиб, музокаралар олиб боришди.
Якунда эса томонлар МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари Кенгаши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар раҳбарлари Қўмитасининг 2030 йилгача мўлжалланган Стратегиясини амалга ошириш бўйича тадбирлар Режасини тасдиқлашди.
Шунингдек, МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари Кенгаши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар раҳбарлари Қўмитасининг 2022 йил учун Тадбирлар режаси ҳам тасдиқланди. Иш режани ишлаб чиқишда ўтган йиллар давомида тўпланган тажриба ва амалдаги қонунчилик базаси доирасида божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашишдаги фаолиятнинг устувор йўналишлари инобатга олинди.
Режа нафақат ўзаро ҳамкорликнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, божхона соҳасида жиноятчиликнинг олдини олишда ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади, балки мазкур мақсадда божхона қонунчилиги бузилишини аниқлаш ва олдини олиш бўйича аниқ ташкилий ва амалий тадбирларни ҳам ўз ичига олади. Режада томонларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир маълумотларни ўзаро алмашиши, божхона текширувлари ва суриштирув соҳасида ходимларнинг малакасини ошириш, кинология хизматини такомиллаштириш каби масалалар ҳам устувор аҳамият касб этади.
Бир сўз билан айтганда, Ҳамдўстликка аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари Кенгаши ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари раҳбарлари қўмитасининг навбатдаги 21-мажлиси келгусида божхона соҳасида ўзаро ишончли ҳамкроликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бу эса нафақат ҳар бир аъзо давлатларда, балки бутун МДҲ бўйлаб божхона қонунчилиги бузилишининг олдини олиш, айниқса наркотик моддалар савдоси, товарларнинг ноқонуний олиб ўтиш ва контрабандага чек қўйишда ҳал қилувчи рол ўйнайди.
Йиғилиш якунида тегишли қарорлар қабул қилинди
Эслатиб ўтамиз, МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари Кенгаши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар раҳбарлари Қўмитаси контрабанда ва божхона қонучилигининг бузилишига қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, доимий коллегиал орган ҳисобланади ва 2008 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.
Қўмита таркибида гиёҳванд воситаларининг халқаро савдосига, иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш, божхона текширувлари ва суриштирув масалалари, кинология, ходимларнинг малакасини ошириш, ахборот-таҳлилий ҳамкорлик, интернет майдонидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш каби масалалар билан шуғулланувчи 6 та ихтисослашган ишчи гуруҳлар мавжуд.
7.10.2021