Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Она тилим, ўзингсан буюк!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
1278
Хоразм вилояти божхона бошқармасида Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганлигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан “Она тилим, ўзингсан буюк!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
“Она тилим, ўзингсан буюк!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими бош мутахассиси Ғ.Атажанов иштирокида бўлиб ўтган мазкур тадбирда бугун она тилимизнинг истиқболи, она тилимизга ҳурмат кўрсатиш, унга ҳамиша эътиборли бўлиш, тил қоидаларини беписандлик билан бузилишига йўл қўймаслик, ёш авлодни ўз она тилига юксак эҳтиром руҳида тарбиялаш ҳар биримизнинг виждоний бурчимиздир эканлиги тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тил — давлат тимсоли, мулки. Тил маданиятига амал қилинмаса, миллий маданиятга доғ тушади. Шу сабабли ўзбек тилининг ҳудудимизда давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари қонунан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақидаги қонуни уч принципга: умумийлик, мажбурийлик ва ҳуқуқий кафолатга асосланади. Шу маънода, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат тилида сўзлай олиш ва уни ҳурмат қилишга мажбур.

Айни кунларда юртимизда ўзбек тили мавқеини юксалтиришга, миллий адабиётнинг имкониятларини дунёга танитишда, жамиятда ҳақиқат ва адолат мезонларини қарор топтиришга ўз даврида муносиб ҳисса қўшиб, нурли излар қолдирган ҳазрат Алишер Навоийнинг асарларидаги гўзал ташбеҳларни яна бир бора эслаймиз.

Она тилимиз ва миллий адабиётимизни улуғлаш, унинг бой хазинаси, таровати ва нафосатини ёш авлодимизга етказиш мақсадида, юртимизда атоқли шоир ва адибларимиз номларидаги ижод мактаблари ташкил этилди. Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Иброҳим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида энг аввало ўзбек тили ва адабиётини, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганиш учун барча шароитлар яратилганлиги ҳусусида сўз юритилди.

Тил — миллатимиз фахри, ғурури. Айни чоғда орзу-умидларимиз, истиқлолимиз унда бўй кўрсатадиган, қалбимиз ойнаси ҳамдир. Шундай экан, она тилимизга доимо ҳурмат ва эътиборда бўлиб, унинг жамиятимиздаги мавқеини юксалтиришга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшайлик. Зеро, тил бор экан, миллат барҳаёт, унинг истиқболи нурли ва чароғондир.

Ҳар қайси халқнинг она тили ва адабиёти унинг миллий руҳи ва ўзлигининг, маданий-маърифий олами, миллий ғоясининг асоси ҳисобланади. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний айтганидай “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмак — миллатнинг руҳини йўқотмакдур”, деган ҳикматли сўзлари ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.

21.10.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг