Хоразм вилояти божхона бошқармасида шахсий таркиб ўртасида тамагирлик, порахўрлик ва мансаб ваколати доирасидан четга чиқишлик каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида “Коррупцияга қарши курашишда оиланинг аҳамияти» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда ходимларнинг ота-оналари ва оила аъзолари иштирок этишди.
Тадбирни очар экан, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Уразалиев коррупциянинг давлат ва жамият ҳаёти учун ижтимоий хавфлари ҳақида сўз юритди. Сўнгги вақтларда коррупцияга қарши курашиш борасида миллий қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар, олиб борилаётган профилактик тадбирлар ҳамда божхона ходимларига яратилаётган шароитлар ва имтиёзларга батафсил тўхталиб ўтди.
Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида божхона органларини ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Жумладан,
- божхона органларининг барча даражадаги тузилмалари вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш ҳамда тақсимлаш;
- божхона органлари тизимида коррупция кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш;
- халқнинг ишончини мустаҳкамлаш;
- ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш;
- рағбатлантириш механизмини такомиллаштириш;
- кадрлар сиёсатини юритиш;
- божхона тўловларининг ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини таъминлаш ҳамда божхона назоратини амалга оширишда техник воситаларнинг татбиқ этилиши ҳисобига Давлат чегара ўтказиш пунктларида божхона тартиб-таомилларини амалга оширишнинг давомийлигини қисқартириш;
- божхона тизими соҳасида халқаро илғор тажрибаларни ўрганиш ва уларни божхона амалиётига жорий этиш каби вазифалар белгилаб берилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, тадбирда иштирок этган ота-оналардан божхона тизимида хизмат қилаётган ўғли ёки қизи ҳатти-ҳаракатларига бефарқ бўлмаслиги, ёш ходимларимизни тарбиявий ишларини кучайтириш, улар орасида турли хил қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш, белгиланган тартиб-қоидаларга бўйсуниш ва ўз устида мунтазам равишда ишлаб, билимларини ошириб боришларини таъминлашда уларнинг ҳам иштироки борлигини ҳамда ходимлар учун уларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари ҳам масъул эканликлари эслатилди.
Тадбирда бошқарманинг 224-59-20 рақамли “Ишонч телефони” ҳамда коррупцияни олдини олиш, ходимлар хавфсизлигини таъминлашда ўз хавфсизлик гуруҳининг 224-59-19 рақамли хизмат телефонлари куну тун ишлаб турганлиги айтиб ўтилди.
Бу каби тарбиявий тадбирларнинг ўтказилиши, албатта келажакда ўз ижобий натижаларни беради. Қонунлар қоғозда қолиб кетмасин. Унинг қоидаларини ҳар биримиз билишимиз ва амалда қўллашга ҳаракат қилишимиз керак. Айниқса, коррупция билан боғлиқ ҳолатларни кўрганда бефарқ бўлмайлик. Шунда коррупция деган иллатдан бутунлай қутилиш мумкин.
Хоразм вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
26.06.2018