Божхона органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини доимий қўллаб-қувватлаш, улар дуч келаётган мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиб, уларга ваколат доирасида ёрдам кўрсатилиши бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти томонидан ҳам мунтазам равишда жойларда тадбиркорлар билан давра суҳбатлари, учрашувлар ва сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.
Навбатдаги учрашув Термиз туманида жойлашган “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида бўлиб ўтди. Унда, вилояти божхона бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Нурабылла Бердиев экспорт ҳамда импорт фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан учрашиб улардаги мавжуд таклиф ва мурожаатларни тинглади.
Ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлар Садаев Холтўра ва Тўйча Турдиев томонидан шанба ва якшанба кунлари божхона постидаги банк шахобчалари ишламаслиги, бунинг оқибатида керакли тўловларни ўтказишда кечикишлар юзага келиб, экспорт ва импорт ҳужжатлари бир икки кун ортга сурилаётганини билдирди. Шунингдек, уланинг иш фаолиятини шанба кунлари ҳам йўлга қўйилиши юзасидан божхона бошқармаси томонидан амалий ёрдам кўрсатилиши сўралди.
Ушбу таклиф ва мурожаатга юзасидан Нурабылла Бердиев тадбиркорларга миннатдорчилик билдириб, бу муаммо бошқа кўплаб тадбиркорлар фаолиятига ҳам таъсир қилиши мумкинлиги ва бунинг ечими юзасидан банк муассасалари раҳбарияти билан келишган ҳолда шанба кунлари ҳам божхона постидаги банк шахобчасини хизмат кўрсатишини йўлга қўйиши учун зарур чоралар кўрилишини таъкидлади.
Шундан сўнг, бошқарма бошлиғи биринчи ўринбосари Нурабылла Бердиев тадбирокорлар билан биргаликда «Termiz cargo centre» МЧЖ ҳудудида юк автомобилларига экспорт ва импорт товарларини юклаш-тушириш ҳамда уларнинг божхона назорати жараёнларини кузатди.
Учрашув якунида, тадбиркорларга божхона соҳасига доир мурожаатлар юзасидан исталган вақтда Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ҳамда вилоят божхона бошқармасининг (76) 225 24-51 рақамли ишонч телефонларига мурожаат қилиш мумкинлиги эслатиб ўтилди.
Маълумот учун, жорий йилнинг ўтган 9 ойида “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг ташқи савдо айланмаси 177 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 36 миллион АҚШ долларига ёки 25,3% га кўпайган. Шундан:
-Импорт жами 61 миллион АҚШ долларини;
-Экспорт ҳажми 116 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Шунингдек, мазкур божхона пости томонидан тадбиркорлик субъектларига 61 млрд. 53 миллион сўмлик божхона тўловларидан имтиёз берилган.
21.10.2021