Шу сабабли, Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан спортнинг ҳар бир турини ривожлантириш қаторида боксга ҳам жуда катта эътибор қаратилган. Мамлакатимизда ёшларнинг боксга бўлган оммавий қизиқишини ошириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш тизимини янада такомиллаштириш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва уларнинг моддий рағбатлантирилишини яхшилаш, шунингдек, ўзбек боксининг дунёдаги етакчилигини сақлаб қолиш ҳамда давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 апрелдаги “Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5099-сон Қарорининг қабул қилиниши бунга яққол далилдир.
Нукус олимпия захиралар коллежида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида коллеж ўқувчилари билан бўлиб ўтган учрашувда шу ҳақида сўз борди.
Давра суҳбати давомида мазкур коллеж ўқувчиларининг сўнгги йилларда Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон ареналарида кўрсатаётган натижалари ва эришган ютуқларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Хусусан, жорий йилнинг 17-30 август кунлари давомида Бирлашган Араб Амирлиги (Дубай шаҳри)да 2003-2004 йилда туғилган ёшларва 2005-2006 туғилган ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Қорақалпоғистон Республикасидан жами 5 нафар боксчилар иштирок этиб, шулардан 3 нафари шоҳсупага кўтарилишга, яъни, 54 кг.гача бўлган вазн тоифасидаТлеубергенова Гулдана кумуш медаль, 57 кг.гача бўлган вазн тоифасида Муратбаева Раъно ва 63 кг.гача бўлган вазн тоифасидаАхмедова Мохира бронза медалларига сазовар бўлганлиги алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи, божхона хизмати полковниги О.Хожиматов сўзга чиқиб, коллеж ўқувчилари ва бокс бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионати совриндорларини шундай натижага эришганлиги билан табриклаб, уларга келгусида бундан ҳам юқори натижаларга шунингдек, Осиё, Жаҳон ва Олимпиада чемпионлари бўлишига тилак билдирди.
Тадбир сўнгида уч нафар Осиё чемпионати совриндорлари ва уларнинг мураббийларига божхона бошқармаси томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
- Осиё чемпионатида 54 кг гача вазн тоифасида иштирок этдим. Мусобақа юқори даражада ташкил этилди ва рақибларим жуда яхши тайёргарлик билан келган экан, бироқ шунга қарамасдан мусобақанинг финалига чиқдим ҳамда финалдаги рақибим мендан кучлироқ экан ва натижада очколар ҳисобига ютқаздим. Бундан мен ўзимга келгусидаги мусобақаларга бундан ҳам кучлироқ ва кўпроқ ўз устимда ишлаган ҳолда иштирок этишим кераклигини хулоса қилдим. Шунингдек, божхона бошқармаси томонидан бизга бераётган эътиборидан биз жуда хурсандмиз ва бу нафақат бизга балки, бизга ўхшаган тенгдошларимизни ўз устида ишлаш ва юқори натижаларга эришишга астойдил ҳаракат қилишига ундайди”– дейди Осиё чемпионати кумуш медали соҳибаси Гулдана Тлеубергенова.
21.10.2021