Мамлакатимиз божхона соҳаси тубдан ислоҳ этилди. Кечаги божхонани бугунгиси билан таққослаб бўлмайди. Нега деганда, охирги 4-5 йил ичида божхона соҳасида улкан ўзгаришлар амалга оширилди ва бу жараён давом эттириляпти. Бугун тадбиркорлар ҳужжат кўтариб, имзочи изидан зир югуриш, соатлаб навбат кутиш ва шунга ўхшаш сансалорликлардан буткул қутилган.
Божхонанинг барча йўналишларига рақамли технологияларнинг кенг жорий қилинаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбиркор халкқ борки, юмуши тез, осон ва қоғозбозликсиз битишини истайди. Зеро, кўкка совурилган вақт у учун йўқотилган бебаҳо гавҳар мисоли. Ахир "вақтинг кетди-нақдинг кетди" деб бежиз айтилмаган.
"Рақамли божхона" тизими таомилга киргани юртимизда экспорт-импорт товарлари расмийлаштирувини соддалаштириш билан бирга, ортиқча оворагарчиликларга барҳам бераётир.
Бугун мамлакатимиз божхона хизматининг барча йўналишларида ахборот коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Бунга мисол қилиб, импорт асосида божхона чегарасидан ҳаракатланадиган товар ҳамда транспорт воситалари импортёрнинг ихтиёригача бўлган ҳар бир босқич автоматлаштирилган дастурлар орқали онлайн назоратга олинган ҳолда амалга оширилаётганини келтириш мумкин.
Аниқ рақамларга таяниб айтадиган бўлсак, Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан шу йилнинг ўтган даврида 524,2 миллион АҚШ долларилик импорт-экспорт товарлар божхона расмийлаштирувидан ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида” ПФ-6310-сон Фармони билан тадбиркорларга янада енгилликларни яратилди. Хусусан, 2021 йил 1 октябрдан «Масофавий электрон декларациялаш» божхона постлари белгиланган ҳудудларда ўз иш фаолиятини бошлади.
Айни кунда ушбу божхона пости вилоятимизда ҳам ташкил этилиб, воҳамиз тадбиркорларининг электрон божхона юк декларацияларини масофавий расмийлаштирувини амалга оширмоқда.
Амалга оширилган бу қулайлик натижасида божхона расмийлаштируви учун сарфланган вақт қисқариб, асосан, экспортда 10-20 дақиқани, импортда 30-40 дақиқани ташкил этмоқда. Тадбиркорларни қувонтирадиган яна бир жараён борки, бунда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ва божхона ходимлари ўзаро учрашмайди. Яъни божхона расмийлаштируви инсон омилисиз амалга оширилади.
Яратилган бундай қулайликлар товар айланмаси ҳажмини ошириш ҳамда божхона хизмати фаолиятини такомиллаштиришда қўл келяпти.
Вилоятда 40 та давлатга товар экспорти амалга оширилмоқда. Эрон, Туркия, Россия Федерацияси, Афғонистон, Тожикистон, Козоғистон ва Хитойга 130 та тадбиркорлик субъекти томонидан калава ип, минерал ўғитлар, табиий қазилмалар, пластмасса ҳамда ундан тайёрланган буюмлар, тўқимачилик маҳсулотларини ўз вақтида жўнатишда божхоначиларнинг хизмати катта.
Шу билан бирга, қулайликлардан яна бири, бу - "яшил", "сариқ" ва "қизил" йўлакли тизимларнинг жорий этилгани бўлди. Бу усул товарларни божхона кўригидан ўтказиш, тадбиркорлар мушкулини осон қилишда қўл келаётир.
Божхонада яратилган қулайликлар ташқи иқтисодий фаолият субъектларига манзур бўляпти. Маблағ ва қимматли вақтлари тежаляпти.
Биргина жорий йилнинг ўтган даврида ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан амалга оширилган импорт учун божхона тўловлари бўйича қарийб 700 миллиард сўм миқдорида божхона имтиёзлари кўлланилгани фикримизни тасдиқлайди.
Соҳада яратилган қулайликларнинг барчаси ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорларга кенг имкониятлар тақдим этиш ва пировардида мамлакатимиз иқтисодиётини жадал ривожлантиришга хизмат қилади.
21.10.2021