Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Она тилим – ғурурим, фахрим!
3199
Ўзбек халқи тарих чархпалагида қанча заҳматлар чеккан, ҳаётнинг оғирдан-оғир чиғириқларидан ўтган бўлишига қарамасдан дунё тамаддунига қўшган бебаҳо мероси билан бахтли миллатлар тоифасидан ҳисобланади. Шу билан Ўзбекистон - ўз она тилига давлат тили мақомини ҳал этиб, сўнгра мустақиллик ва истиқлолга юз тутган. Фақатгина дунёдаги 200 та тил давлат тили мақомига эга бўлган бўлса, чунончи, ўзбек тили ҳам шуларнинг қаторидадир.
Она тилим – ғурурим, фахрим!

Давлат суверенитети, мустақиллигининг ҳудудий яхлитлик, чегараларининг дахлсизлиги, Қомуси, байроғи, герби, мадҳияси каби рамзлари қаторида Давлат тилининг ҳам мустаҳкам жой эгаллагани кўп нарсадан даолатдир.

Қолаверса Европада 15-17 асрларда юзага келган Биринчи Ренессанс заминимизда IX-XI асрларда ўз улкан юксалишларини намоён этган ҳолда содир бўлган. Янгича давлат юритишнинг самараси олим-у фузалоларни илм-фан равнақи йўлида эзгу ғоялар атрофида бирлаштирди. Она тилимиз – бош туркий тилда фикрлайдиган Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Маҳмуд Замахшарий, Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Наср Форобий, имом Бухорий, имом Термизий, имом Мотурудий, Абул Муин Насафий каби буюк аждодларимиз бутунжаҳон даражасидаги олий устозлик мақомига эришдилар.

Масалан, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари кўплаб мамлакатлар донишмандлари тарафидан энг яхши асар сифатида эътироф этилган. Юсуф Хос Ҳожиб илм-маърифат жарчиси ва ҳомийси сифатида билимни бахт-саодатга эришишнинг бош омили деб ҳисоблайди. Мазкур асарнинг “Тил одоби” деб номланган бобида тилнинг жамият ва маданий ҳаётидаги ўрни, дунёни, унинг сир-синоатларини билиш ва ўрганишдаги аҳамияти, тил илми, нутқ одоби ва нотиқлик санъати каби масалалар кенг очиб берилган. Юсуф Хос Ҳожиб, тил билимли ва заковатли бўлишнинг асосий воситаси эканлиги, тилнинг шарофати билан инсон ўз билими, ақл-идрокига сайқал бериши, фикрини ойдинлаштиришини таъкидлайди. Унинг фикрича, кишининг қадр-қимматини оширадиган ҳам, туширадиган ҳам тилдир.

ЮНЕСКО томонидан “Қутадғу билиг” достони яратилганининг 950 йиллиги муносабати билан 2019 йил – “Қутадғу билиг” йили деб эълон қилинган.

Шунингдек, яна бир мутафаккиримиз Маҳмуд Қошғарий ҳам ўзининг “Девони луғоти турк” асари билан тилимиз равнақига бебаҳо ҳисса қўшиб, давлат тилининг нуфузини ошириш, она тилимизнинг равнақ топишига хизмат қилган.  Асарда алифбо, фонетик қонуниятлар ва орфографик қоидалар, туркий сўз тузилиши анъаналари, сўз тартиби, феъл шакллари, сўз этимологиясига оид билимлар кенг ёритилган.  Асарнинг кириш қисмидаги “Худо давлат қуёшини турклар буржида яратди. Фалакни ҳам шулар мулкига мослаб айлантирди. Уларни турк дeб атади, мулкка эга қилди уларни замонамизнинг хоқонлари қилиб кўтарди. Уларнинг ўқларидан сақланмоқ учун уларнинг хатти-ҳаракатларини маҳкам тутмоқ ҳар бир ақлли кишига лойиқ ва муносибдир. Буларга яқин бўлиш учун энг асосий йўл – уларнинг тилларида сўзлашишдир, чунки улар бу тилда сўзлашувчиларга яхши қулоқ соладилар, ўзларини яқин тутадилар, уларга зарар бeрмайдилар” –деган баҳо асарнинг бош мақсади бўлиб, халқларга туркий тилни ўргатиш ва салтанатни мустаҳкамлашдан иборат. 

Шу ўринда улуғ адибимиз Эркин Воҳидовнинг бекорга битилмаган сатрларини келтиришни лозим деб топдим.

Неча бўлиб йўқликка маҳкум,

Тилдан, диндан бўлмаган маҳрум,

Синиб, сингиб кетмаган мардум –

Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

“Ислом маданиятининг олтин асри” деб аталмиш Иккинчи Ренессанс – дунёнинг улкан географик ҳудудларида сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий йирик ислоҳотлар орқали яхлит қудратли давлатни барпо этган Соҳибқирон Амир Темур номи билан боғлиқ. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Бу даврда ҳам давлатнинг тил сиёсати беқиёс ривожланди. Салтанат ҳужжатлари ва Амир Темурнинг “Темур тузуклари” қомусий қўлёзмаси она тилимизда битилди. Буюк бобомиз Алишер Навоий миллий сўз санъатимиз, она тилимиз равнақи, унинг жаҳонга танилишига беқиёс ҳисса қўшиб жаҳон адабиётининг нодир дурдонаси ҳисобланадиган асарларини, хусусан, беш достонни ўзида жамлаган “Хамса” тўпламини яратди. Достонлар тилининг ниҳоятда бойлиги, гўзаллиги ҳамда пурмаънолиги дунё ҳамжамияти ва барча адабиёт мухлисларини ҳайратга солмоқда.

Ҳар иккала Уйғониш даври ҳам мустақиллик йилларида давлатимизнинг, давлат раҳбарларимизнинг юксак эътиборида бўлди. Қадриятларимиз тикланди, тарихан қисқа давр ичида она юртимиз дунё илм-фанига пойдевор бўлган бой меросимизни ўрганиш, замонавий илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланган ҳолда илмий ва археологик изланишлар олиб борилмоқда. Айниқса, она тилимиз тарихини ўрганиш, қадимги туркий тил негизидаги ўзбек тилининг милоддан олдинги III асрдан ҳам илгарироқ шакллангани ишончли далил сифатида эътироф этиш юзасидан кашфиётлар қилинмоқда. Бу борада музей фондимиз экспонатлар, қўлёзма, илмий-далилий ва топилма ашёлар бойитилмоқда.

Бироқ, Сингапур мўъжизаси асосчиси, давлат арбоби Ли Куан Юнинг “Тарихдан мақтанадиган қурол сифатида фойдаланиш ярамайди – бу ўша миллатнинг келажагига урилган болта бўлади” – деган пурмаъно ибораси бизга умрбодлик сабоқ бўлиши шарт.

Шунинг учун ҳам, бу тарихий даврлар ва илм-фан, адабиёт ютуқлари, боболаримизнинг қолдирган бой мероси ҳар биримизнинг қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотиб, тилимиз софлигини сақлашда зиммамизга масъулият ҳам юклайди.

Бугунги кунга келиб, давлатимиз раҳбари томонидан Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйилганлиги, уни миллий ғоя даражасига кўтарилаётганлиги, уларнинг бевосита давлат тилини ривожлантириш ва амалий нуфузини ошириш борасидаги кенг қамровли тадбирлар билан уйғунликда олиб борилаётганлиги қувонарлидир. Тилимизга эътиборнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилаётгани, она тилимизнинг халқаро майдондаги мавқеини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар  эса кўнглимизни тоғдек кўтармоқда.

Мана шу улуғ мақсадлар ва белгиланган вазифаларниннг самарали ечимини топиш орқали юртимизда Учинчи Ренессанс даврининг бошланишига пойдевор қўйилади. Янги Ўзбекистон янгидан-янги юксак марраларга эришишига, халқимизнинг бахт-саодати ва фаровонлиги учун ўрнак бўлишига шубҳа йўқ. Бунга эса, тириклик учун ҳаводек зарур сўзнинг ва муҳим  алоқа воситаси ҳисобланган тилимизнинг қадр-қиммати алоҳида ўрин тутади.

Маълумки, 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилди.  Илғор зиёлиларда “Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилдими, бас, эртами-индинми, Ўзбекистон, албатта, мустақил давлатга айланади!” деган ишонч ҳосил бўлди. Қийинчилик билан бўлсада ҳаётимизнинг барча соҳаларида тилимиз қўлланила бошланди. Кейинроқ, 1995 йилнинг августида “Давлат тили ҳақида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида  “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” –деган демократик нормалар 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайдиган Ўзбекистондек кўп миллатли мамлакатда барқарорликни таъминлаб берди.

Шуларга қарамасдан, ҳал қилувчи куч ҳисобланган, севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуф айтгандек: “Қаҳҳорни қанд касал, Ойбекни соқов, қилиб қўйганлар ҳам — лаганбардорлар” каби шахсларнинг давлат тилининг тўлиқ амал қилинишига қарши саъй-ҳаракатлари туфайли тилимизнинг даражаси амалда омонатлигича сақланиб келди.

Бу зайлда кетадиган бўлса тилимизнинг амалий мавқеини кўтариш имкони йўқлиги назарда тутилиб, 2019 йили давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзининг сиёсий иродасини намоён қилган ҳолда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини қабул қилди. Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш Департаменти ташкил этилди. Булар ўзбек тилининг соф ҳолда тўлақонли амал қилиниши йўлидаги ислоҳотлар йўналишида туб бурилиш бўлди.

Бунга ҳамоҳангликда 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”  Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан “21 октябрь санасининг Ўзбек тили байрами куни” этиб белгилангани, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20-октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6084-сон Фармони янада саъй-ҳаракатларимизга рағбат бағишлади.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг сессиялари ва бошқа халқаро анжуманларда ўзбек тилида нутқ сўзлагани инсонга ҳузур-ҳаловат, ғурур ва ифтихор туйғусини бағишлайди. Дунё сиёсий элитаси долзарб сиёсий масалаларни Ўзбекистоннинг давлат тилида ҳам муҳокамага қўйиш мумкинлигини, ўзбек тили бунга имкон бера олишини билди. Бунга Афғонистондаги вазият юзасидан бўлиб ўтган қатор анжуманлар яққол мисолдир.

Ривожланишдан, тараққиётдан ортда қолмаслик учун миллий тилимиз, миллийлигимизни унутмаслигимиз, жонажон она тилимизни асрашимиз, авайлашимиз кераклигини ҳаётнинг ўзи исботлади.

Шу ўринда, маиший ҳаёт, ижтимоий тармоқлардаги оддий ва лекин оғриқли айрим ҳолатларга тўхталмасликнинг иложи йўқ. Зотан, тилнинг ривожланишини таъминлаш борасида амалга ошириладиган ишлар ҳар доим долзарблигини йўқотмайди. Ён атрофимиздаги, кўча-куйдаги, оммавий ахборот воситалари, телевидение, радио ҳамда ижтимоий тармоқлардаги ёзувлар ва чиқишлар эътиборимизни тортмасдан қолмайди. Уларда йўл қўйилган хато ва камчиликлар эса дилимизни хуфтон қилиб, кунлик фаолиятимиз ва турмушимизга ўзининг салбий таъсирини ўтказади. Зеро, тил миллатнинг бебаҳо бойлиги, у Аллоҳдан берилган буюк неъмат ҳисобланади, уни бузишга эса ҳеч кимни ҳақи йўқ.

Глобал ривожланиш давримизда ўзгаришларига кўр-кўрона ёндашмасдан, зеҳнимизни ишга солиб ўз она тилимиз софлигини сақлайлик! Буни ҳар биримиз энг аввало, оиламиздан, маҳалламиздан, шаҳримиздан, қолаверса касб эгаси сифатида фаолият олиб бораётган соҳамиздан бошлашимиз лозим.  Чунки, давлат тили талаблари барчага баробар, унга ёш ҳам, қари ҳам бирдек риоя этиши шарт.

Бу борада давлат божхона хизмати идоралари томонидан талай ишлар олиб борилмоқда. Тизимга ўзбек тили давлат тили сифатида кириб борди, ўз ўрнини топди. Барча иш қоғозлари нусхалари, илмий ишлар, тадқиқотлар ўзбек тилида ёзиладиган бўлди. Ҳозирда яна бир қийин жараён шахсий таркибнинг нутқ маданиятини тартибга келтириш юзасидан қурама нутққа эга ходимларни нутқ маданияти ҳамда нотиқлик маҳоратини ошириш, давлат тилида иш юритиш бўйича ўқув курсларида ўқитиш ташкиллаштирилган. Бу борада эса Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ва унинг жойлардаги филиаллари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган.

Ҳужжат алмашинуви тўлиқ давлат тилида амалга оширилмоқда. Давлат тилида иш юритишни тўғри ташкил этиш бўйича 2021 йилнинг ўтган даврида 50 мингдан ортиқ хат-ҳужжатлар давлат тилида рўйхатга олинди. 7 мингдан ортиқ идоравий ва ички ҳужжатлар тўлиқ давлат тилида ишлаб чиқилди. 14 мингдан ортиқ чиқиш хатлари рўйхатга олинди.

Қонун ижодкорлиги юзасидан 2021 йилнинг ўтган даврида 40 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат тилида ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, Давлат божхона қўмитасига кўриб чиқиш учун келиб тушган 450 тадан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ўрганиб чиқилиб, улар юзасидан таклиф ва эътирозлар ҳам фақатгина давлат тилида тақдим этилди.

Бундан ташқари, 2020 йилдан бошлаб, ҳамкорлик доирасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларга ёзишмаларни қатъий равишда чет тилидаги расмий таржимасини илова қилган ҳолда давлат тилида амалга ошириш амалиёти йўлга қўйилди.

Бу йўналишда илмий-тадқиқот ишларини жонлантириш, унга амалиётчи мутахассисларни ва истиқболли ёшларни жалб қилиш юзасидан чоралар белгиланган. Қўмитанинг Божхона институти муассислигидаги “Ўзбекистон ахборотномаси” илмий журналининг дастлабки 2 та сонини давлат тилида чоп этилиши таъминланди. Божхона идораларининг “bojxona.uz” ва “customs.uz” веб-сайтлари давлат тилида юритилмоқда. Унда ўзбек тили ва давлат тилида иш юритишга доир туркум мақолалар бериб борилмоқда.

Божхона хизмати идоралари жой номлари, эълонлар, шиорлар, ибратли сўзлардан иборат пешлавҳалар бирхиллаштирилиб, қонун талабларига мос ҳолатга келтирилди.

Бугунги кунда божхона хизмати идоралари амалиётида қўлланилаётган Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг 44 та дастурлари, 29 та электрон давлат хизматлари ва 19 та ташқи идоралари билан  электрон алмашинув дастурлари тўлиқ давлат тилида ишламоқда.

Ўзбекистон Республикасининг барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари, фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ҳамкор хорижий давлатларнинг божхона ва бошқа хизматларига хизмат итлари етказиб берадиган, Марказий Осиёда ягона Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология марказида етиштириладиган хизмат итларини миллий қадриятларимиз асосида тузилган 500 дан ортиқ лақаблар билан номланиши йўлга қўйилди.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ўттиз икки йил тўлиши ва мазкур сана жорий йилда иккинчи марта “Ўзбек тили байрами” сифатида нишонланиши муносабати билан бутун республика миқёсидаги каби давлат божхона хизмати идораларида ҳам қатор маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Давлат божхона хизмати органлари ва унинг Божхона институтида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш, таълимда давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини оширишга доир вазифалар белгиланган.  

Ўзбек тилини халқимиз ижтимоий ҳаётида тўлақонли жорий этиш ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, олий таълим муассасаларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш билан боғлиқ масалаларни илмий таҳлил қилиш ва зарур таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида 2021 йил 15 октябрь куни Божхона институтида “Ўзбек тили таълимини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги илмий-амалий давра суҳбатини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганлигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан жорий йилнинг 14 октябрь куни “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида “Ўзбек тилида ҳарбий терминологиянинг масалалари”га бағишланган маърифий давра суҳбати ташкил этилди.

Жорий йилнинг 19 октябрь куни Давлат божхона қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда Адиблар хиёбони, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганлигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан “Она тилим, ўзингсан буюк!” мавзусида маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар ташкил этилди.

Бундан ташқари, тизим ва унинг таркибий тузилмалари шахсий таркиби ўртасида “Она тилим фахрим” хештеги остида фотосуратлар танлови бошлаб юборилди. “Қадринг баланд бўлсин она тилим” мавзуида, Божхона институти курсанти Умарали Кенжаев муаллифлигидаги шеър матнидан фойдаланган ҳолда давлат божхона хизмати органлари ходимлари томонидан она тилимизни мадҳ этувчи видеоролик байрамга туҳфа сифатида тақдим этилди.

Ходимларнинг дам олиш кунларини мароқли ўтказиш учун эса Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти музейига ходимларимиз ва уларнинг оилаларининг мунтазам равишда ташрифлари уюштирилмоқда.

Ўзбек тилининг софлигини сақлаш, уни ёт унсурлардан ҳимоя қилиш, божхона соҳасига оид терминларни миллийлаштириш борасида ишлар давом  эттирилмоқда. Давлат божхона қўмитаси масъул ходимлари ва Божхона институти профессор-ўқитувчилари томонидан янги таҳрирдаги “Давлат тилида иш юритиш” қўлланмаси, “Божхона энциклопедияси” ва “Bojxona ishi sohasida qo‘llaniladigan terminlar lug‘ati” китоблари тайёрланиб нашрдан чиқарилди.

Бир сўз билан айтганда давлат божхона хизмати идоралари тизимида давлат тилини ривожлантириш ва унинг амалдаги мавқеини юксалтиришга баландпарвоз шиорлар билан эмас, балки амалий ишлар билан ёндашилмоқда. Давлат тилини амалий фаолиятимиз ва ҳаётимизнинг зарурий воситасига айлантириш юзасидан чоралар амалга оширилмоқда. Божхона иши амалиётидан келиб чиққан ҳолда миллий тилимизни бойитиш, ривожлантириш бўйича таклифлар, тавсиялар билдирилмоқда.

Шахсий таркиб ўртасида жамоатчилик назорати ўрнатилиб, маданиятлилик, маънавиятлилик аслида ўз она тили ва давлат тилига ҳурмати билан белгиланишини, уларга беписандлик билан қарашнинг маданиятсизлик, маънавиятсизлик саналиши тушунтирилмоқда.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, жамият ҳаётининг турли жабҳаларида, жумладан давлат божхона хизмати органларида ҳам давлат тили бирлаштирувчи ва ҳал қилувчи куч сифатида намоён бўлиши зарур.

“Давлат тили - давлат тимсоли, мулки. Тилнинг эгаси халқ, аммо халқнинг битта вакили лоқайд бўлса ҳам тилнинг соф­лигига путур етади. Тил маданиятига амал қилинмаса, миллий маданиятга доғ тушади. Шу маънода ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат тилида сўзлай олиш ва ҳурмат қилиш, унинг қонун-қоидаларига риоя этиши шарт”.

Фан доктори, профессор Шуҳрат Сирожидинов

Олдимизга қўйган улуғ мақсадларимизнинг Ватан, халқ, миллат ва унинг тили тараққиётига уйғунлиги бизга алоҳида куч, ғайрат ва шижоат бағишлайди. Зеро, давлат тилимизнинг ривожлантириш, ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш Янги Ўзбекистоннинг дунё саҳнидаги мавқеини оширишдаги муҳим омилдир.

Шу фурсатдан фойдаланиб, 21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни муносабати билан барча юртдошларимизни самимий муборакбод этамиз.

 

Ҳабибулла Ғаниевич Азизов

 Давлат божхона қўмитаси раисининг маънавий-маърифий
ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги
қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари
бўйича маслаҳатчиси, божхона хизмати полковниги

 

20.10.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг