Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Самарқанд шаҳри куни кенг нишонланмоқда
1185
1996 йил 18 октябрь куни Амир Темур бобомизнинг 660 йиллик юбилейида Самарқанд шаҳри “Амир Темур” ордени билан тақдирланган ва 18 октябрь Самарқанд шаҳар куни деб белгиланган эди. Шундан буён мана қарийб чорак асрдирки ушбу кун вилоятда кенг нишонланиб келинади.
Самарқанд шаҳри куни кенг нишонланмоқда

Оламга юз тутган, келажакка бўй чўзган Самарқанд бугун ҳам байрам оғушида. Айтиш жоизки, бу йилги байрамга ҳар йилгиданда ўзгача тайёргарлик кўрилди. Эрта тонгдан карнай-сурнай садолари янграб барчани байрамга чорлади. Асосий тадбирлар экомарафон билан бошланди.

Самарқанд шаҳри куни муносабати билан вилоят жамоатчилиги вакиллари Соҳибқирон Амир Темур мақбарасини зиёрат қилдилар. Бу ерда ўтган буюк аждодларимиз руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди.

Шундан сўнг вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти бошчилигида бир гуруҳ божхоначилар томонидан Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйилди.

Сана муносабати билан “Президент мактаби”, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг янги биноси ҳамда “Маҳмудхўжа Беҳбудий” уй-музейи, “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки Самарқанд филиалининг янги биноси, “Сино” заводидаги янги лойиҳанинг очилиш маросими бўлиб ўтади.

Шунингдек, Амир Темур маҳалла фуқаролар йиғини янги биноси ва Алишер Навоий кўчасининг очилиш маросими ўтказилади.

Кун давомида Сартепо ва Қорасув массивида ҳамда Фарҳод шаҳарчасида жойлашган “Зарафшон” истироҳат боғида, шунингдек, Кимёгарлар шаҳарчасидаги “Нурафшон” санъат саройи олдида “Азиз шаҳрим – Самарқанд” шиори остида маданий концерт дастурлари намойиш  этилади.

Қолаверса, байрам муносаби билан бугун шаҳардаги тарихий обидалар ва давлат музейларига кириш бепул бўлади.

Самарқанд шаҳар куни билан боғлиқ байрам тадбирлари давом этмоқда.

18.10.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг