Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳининг 32-тавсиясига кўра, нақд валютани чегара пунктлари орқали кириб келишини назорат этиш божхона органлари зиммасига юклатилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июндаги ПФ-6252-сон Фармони билан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида иштирок этувчи вазирлик ва идоралар рўйхати тасдиқланган бўлиб унга Давлат божхона қўмитаси киритилган ҳамда ушбу йўналишда бевосита иштирок этиши белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, янги Қонун билан божхона органларига ўз ваколатлари доирасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш вазифаси юклатилмоқда.
Шунингдек, Қонун лойиҳаси билан “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига кўра эндиликда, 30 ёшдан ошган, тор ихтисосликдаги юқори малакали мутахассислар ҳам Давлат божхона қўмитаси раисининг буйруғи асосида божхона органларига қабул қилиниши мумкин бўлмоқда.
Яна бир янгиликлардан бири эса бу “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддаси билан белгиланган божхона органлари ҳуқуқлари пуллик хизмати кўрсатиш ҳуқуқи билан тўлдирилмоқда. Хусусан, божхона органлари томонидан қуйидаги хизматларни кўрсатиш режалаштирилмоқда:
– божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товар ва транспорт воситалари юзасидан статистик маълумотларни тақдим этиш;
– божхона экспертизасини ўтказиш;
– ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси бўйича товар кодларини аниқлаш;
– кинологларни тайёрлаш, хизмат итларини ўргатиш ва сотиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга ветеринария соҳасидаги хизматлар;
– ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун божхона иши бўйича ўқув курсларини ташкил этиш.
Эндиликда мазкур Қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг буйруғи билан Ўзбекистон Республикасининг ёки чет давлатнинг олий таълим муассасаларига ва ташкилотларига магистратура мутахассисликлари бўйича ўқишга юборилган божхона органи ходими ўқиш даврида, охирги эгаллаган лавозимидагидан кам бўлмаган миқдорлардаги пул таъминоти сақланган ҳолда божхона органларининг ихтиёрида қолдирилади.
Албатта бу каби ижобий ўзгаришлар ва янгиланишлар замирида давлатимиз томонидан олиб борилаётган улкан ислоҳотлар ётибди десак адашмаган бўламиз.
16.10.2021