Самарқанд вилояти ҳокимлигида вилоят Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг биринчи таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур йиғилишда Самарқанд вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаш аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишни вилоят ҳокими, Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши раиси Эркинжон Турдимов олиб борди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тухташева сўзга чиқиб, республикамизда Коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва улар ижросида ҳудудий кенгашларнинг ўрни тўғрисида маълумот бериб ўтди.
Шунингдек, йиғилишда коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларнинг қонун устуворлигини таъминлаш бўйича долзарб вазифалари тўғрисида Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Нодир Мусамуҳамедов тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Фармон Тошев сўзга чиқиб, коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши томонидан фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик масалалари тўғрисида гапириб, бир қатор таклифларни билдирди.
Йиғилишда вилоят Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг коррупцияга қарши курашиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш, сўровномалар ўтказиш, жамиятда бу иллатга қарши биргаликда курашиш борасида чора-тадбирлар белгилаб олинди.
16.10.2021