Маълумки, шу кунларда жорий йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтиши белгиланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларига қизғин тайёргарлик ва тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.
Мазкур жараёнларда, эндигина сайлов ёшига етган ўғил-қизларга миллий сайлов қонунчилиги ҳамда ушбу тизимда амалга оширилаётган ислоҳот ҳақида тушунчалар бериш, уларни сайлов жараёнлари билан ҳозирдан таништириб бориш муҳим вазифалардан бири саналади.
Айни шу мақсадда, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши билан ҳамкорликда Термиз Давлат университетининг педагогика институтида, илк маротаба сайловда иштирок этадиган олийгоҳ талаба ёшлари билан “Янги сайлов-янги имкониятлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Дастлаб, педагогика институти директори ўринбосари Ш.Қосимов сўзни очиб бериб, мамлакатнинг эртаси, келажак тақдири ёш авлоднинг қўлида эканлигини ҳамда сайлов жараёнларида талаба ёшлар фаол бўлишлари зарурлигини таъкидлади.
Шундан сўнг, вилоят божхона бошқармаси Юридик хизмат катта инспектори Ж.Убаев талабаларга Сайлов кодекси, қонунчилиги ва сайловчилар ҳуқуқлари юзасидан кенг тушунча бериб ўтди.
Давра суҳбатини янада қизғин ва жонли тартибда ўтказиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашида Ҳарбий қисмлардаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Ш.Валиев томонидан сайлов қонунчилиги юзасидан савол-жавоблар беллашуви ўтказилди. Беллашувда ғолиб бўлган талабалар қизиқарли бадиий адабиётлар билан тақдирланди.
Бундан ташқари тадбирда, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи У.Улжаев ёшларга диний экстремизм, ақидапарастлик унинг оқибатлари ва қабиҳ мақсадлари ҳақида маълумот берди.
Тадбир сўнггида талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан тўлиқ жавоблар олдилар.
16.10.2021