Рақамли божхонани яратиш йўлида тизимда ахборот технологияларининг кенг жорий этилиши, мантиқий назорат функцияларининг ўрнатилиши натижасида божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларининг соддалаштирилиши, уларга кетадиган вақт сарфининг камайиши билан бирга сифат даражасининг ортишига замин яратилмоқда.
Биргина Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси мисолида олиб қарасак, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида бошқарма томонидан қиймати 308,7 млн АҚШ долларига тенг маҳсулотлар экспорт божхона режимига расмийлаштирилди.
Умумий қиймати 456 млн АҚШ долларини ташкил этувчи республика ташқи савдо айланмасининг 67 фоизи товарлар экспортига тўғри келади.
Республика ҳудудидан асосан полиэтилен, артемия цистаси, кунжут маҳсулотлари, пахта толаси, пропилен, қизилмия илдизи ва унинг экстракти, ип калава, кальцинирланган сода ҳамда тери маҳсулотлари дунёнинг Туркия, Хитой, Россия, Латвия, Қозоғистон каби бир қатор давлатларига экспорт қилинди.
Технологик асбоб-ускуналар, кимё саноати маҳсулотлари, ёғоч ва тахта, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари каби умумий қиймати 147,3 млн АҚШ долларига тенг маҳсулотлар бошқарма томонидан импорт божхона режимига расмийлаштирилди.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври давомида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан божхона органларининг ўз фискал вазифаларини амалга ошириш доирасида божхона тўловларидан
227 млрд 630 млн сўм пул маблағлари давлат бюджетига ўтказилиши таъминланди.
Давлатимиз томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган ҳар бир вазифа ижросини сўзсиз таъминлаш мақсадида, божхона органлари томонидан тадбиркорларга қулайлик сифатида жами 179 млрд 883 млн сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди.
Божхона юк декларацияларини рўйхатга олишга илгари ўртача ҳисобда 2-3 соат вақт сарфланган бўлса, ҳозирда автоматлаштириш натижасида жараён 5 дақиқада бажарилмоқда.
Ҳисобот даврида божхона соҳасига оид қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши билан боғлик 283 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати 4 млрд 391 млн сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил тариқасида ушлаб қолинди. Шундан, жами 7 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Бошқарма ходимлари томонидан 2021 йилнинг ўтган 9 ойи давомида 102,35 гр.“опий” 13,35 гр. “марихуанна”, 6 туп “каннабис”, 1,83 гр. гиёҳвандлик ўсимлик уруғи ва 1211 та таблетка “Трамадол” номли гиёҳвандлик воситалари, 222 флакон “Тропикамид” ва 314 капсула “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи воситалар, шунингдек, 52 дона психотроп таблеткалар аниқланди.
Ўқотар совуқ қуроллар тоифасидан 6 дона ўқ-дори, 2418 дона гильзалар, 1,15 кг дробларнинг ноқонуний тарзда божхона чегаралари орқали кириб келиши ва ноқонуний айланмада бўлишининг олди олинди ҳамда тегишли тартибда қонуний чоралар кўрилди.
16.10.2021