Шунингдек, ишбилармон тадбиркорларга амалий кўмак бериш, улардаги муаммоларни ўрганиш мақсадида Наманган вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Б.Караманов томонидан Чортоқ туманидаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи " Uztex Chortoq" МЧЖ иш жараёнлари билан танишилди.
Мазкур корхонага дунёнинг энг илғор давлатларидан сўнги русумдаги технологик ускуна ва дастгоҳлар божхона тўловларидан имтиёз қўлланилган ҳолда олиб келиниб, 2019 йил иш фаолиятини йўлга қўйган.
Айни пайтда 400 нафардан ортиқ иш ўрнига эга ушбу корхона хозирда ойига ўртача 200 минг дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда. Бугунги кунда корхонани янада кенгайтириш борасида олиб борилаётган истиқболли лойиҳалар билан танишилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 сентябрдаги “Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6306 ҳамда 2021 йил 30 сентябрдаги “Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6318-сон Фармонлари мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Соҳага оид саволларга жавоб берилди ва маҳсулотларнинг экспорт географиясини янада кенгайтириш ҳамда текстил маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича корхона вакиллари ўзларининг таклифларини билдириб ўтди.
Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бугунги кунда ҳалол тадбиркорлик субъектлари учун дунё бозорлари эшиклар кенг очилган.
Берилган бу каби имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланиб, ўз фаолиятини қонуний амалга ошираётган ҳар қандай тадбиркорлик субъекти қонун ҳимоясидадир.
Божхона органлари ходимлари эса тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ва ҳамкорликда соҳада вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф қилишга доимо тайёр.
16.10.2021