Жиззах вилояти божхона бошқармасида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга барча соҳаларда қулай шарт-шароитлар яратиш, қолаверса, божхона соҳасига оид қабул қилинаётган Фармон ва Қарорларнинг мазмун-моҳиятини ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига етказиш мақсадида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги ПФ-6310-сон Фармонининг мазмун-моҳияти, унинг амалдаги ижроси ва тадбиркорларга афзаллик томонлари тушунтириб ўтилди ҳамда мавзу юзасидан тайёрланган видеолавҳа тадбир иштирокчиларига ҳавола этилди. Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 сентябрдаги “Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6318-сон Фармони мазмун-моҳияти ва унинг амалдаги ижроси юзасидан ҳам йиғилганларга батафсил маълумотлар бериб ўтилди.
Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда қуйидаги товарлар ва транспорт воситалари учун қонунчиликда назарда тутилган божхона божи бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2024 йил 1 январга қадар узайтирилиши белгилаб қўйилган:
белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича юридик шахслар томонидан, шу жумладан лизинг шартномаси асосида олиб кириладиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари;
нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб кириладиган янги тез тиббий ёрдам автомобиллари;
белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатларга кўра тематик хиёбонлар, меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларини қуриш, қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, қурилиш ва бошқа материаллар;
ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ортиқ бўлмаган, йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган ҳамда ҳайдовчидан ташқари саккиз ва ундан ортиқ ўриндиқларга эга бўлган транспорт воситалари;
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, транспорт-логистика хизматлари кўрсатишга мўлжалланган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа товарлар;
дор (осма) йўллари, тоғ-чанғи кўтаргичлар, фуникулёрлар ва бошқа ўхшаш объектлар, «банжи-жампинг» ва «зиплайн» аттракционлари, бошқариладиган (дирижабль, ҳаво шари) ва бошқарилмайдиган (эркин учиш) аэростатлар, гондолалар, «рафтинг» ва «флайбординг» учун ускуналар, механизмлар ва эҳтиёт қисмлар, шунингдек, «buggy car», фаэтонлар, жойлаштириш воситаси сифатида тунаб қолиш учун жиҳозланган (ғилдирак устидаги уйлар) ёки кафе-фургонларга айлантирилган «фудтрак» ер усти транспорт воситалари, моторли қайиқ ва квадроцикллар.
Қолаверса, тадбир давомида суриштирув ва маъмурий амалиёт йўналишида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар борасида ҳам йиғилганларга ҳуқуқий тушунчалар берилди. Тадбир якунида иштирокчилар кун тартибидаги мавзулар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан тегишли жавоблар олишди.
16.10.2021