Дастлаб, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Умаров тадбирни очиб бериб, юртимизда бугунги кунда олиб борилаётган юксак ислоҳотларга тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг сенатор Одилжон Иминов томонидан “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси, ундаги ўзгаришлар ҳамда унинг мазмун-моҳияти юзасидан давра суҳбати ўтказилди.
Хусусан, янги Қонун лойиҳасига кўра, эндиликда, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишда ва амалга оширишда божхона органлари ҳам ўз ваколатлари доирасида иштирок этади. Шунингдек, бошқа органлардан божхона органларидаги хизматга ўтказилган шахсларга хизмат қилган йиллари учун фоизли устамани белгилаш, аввалги иш жойидаги хизмат ёки меҳнат стажини инобатга олиш тартиби ҳам жорий қилинмоқда.
Бундан ташқари, 30 ёшдан ошган, тор ихтисосликдаги юқори малакали мутахассислар ҳам Давлат божхона қўмитаси раисининг буйруғи асосида божхона органларига қабул қилиниши мумкин бўлмоқда.
Тадбирда, сенатор Одилжон Иминов ва вилоят Кенгаши депутати Сайдулла Абдураимовлар божхона ходимлари томонидан берилган саволларга тегишлича жавоб бердилар, билдирилган таклифлар кўриб чиқилиб, улар бўйича амалий чора тадбирлар ишлаб чиқилишини маълум қилдилар.
14.10.2021