Вазирлар Маҳкамасининг “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасида юртимиз миқёсида “Кексалар ҳафталиги”ни ўтказиш белгиланган.
Ҳафталик доирасида Хоразм вилоят божхона бошқармасида ҳам узоқ йиллар божхона соҳасида хизмат қилган фахрийлар хонадонларига бориб учрашувлар ўтказилиб, совғалар топширилди.
Шунингдек, фахрийлар Шовот туманидаги “Шовот” чегара божхона постидаги бунёдкорлик ишлари билан ҳам яқиндан танишдилар.
Биз ишлаган даврда бунақа шарт-шароитлар бўлмаган. Бугунги замонавий божхона постларини кўриб, нафақат ходимлар балки фуқаролар, автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун ҳам кенг қулайликлар яратилганини кўрамиз. Тўғрисини айтсам, божхона постларидаги бундай шариоитларни, ўрнатилаётган замонавий техник воситалардан кўриб ҳавасим келди - дейди божхона фахрийси Равшан Шержанов.
Божхона фахрийлари билан биргаликда эл тилида "Улли пир" деб улуғланадиган, Хожа Юсуф Хамадоний зиёратгоҳига ташриф ташкил этилди.
Учрашувлар давомида узоқ йиллик собиқ ҳамкасблар бир-бирлари билан дийдор кўришиб, хизмат йилларини ёдга олиб, аниқланган катта миқдордаги товар-моддий бойликлар ҳамда контрабанда билан боғлиқ ҳолатларни эсга олишди.
Тадбир якунида фахрийлар божхона ходимларининг эл-юрт олдидаги хизматларига улкан зафарлар тилаб дуолар қилишди. Бу каби ижтимоий-маърифий тадбирлар ёши улуғ инсонлар юртимизда доимо эътибор ва эъзозда эканини яна бир тасдиғидир.
10.10.2021